date

“Реал” раҳбарлари футболчиларга шубҳа билан қарай бошладими?

“Реал” раҳбарлари футболчиларга шубҳа билан қарай бошладими?
Мадриднинг “Реал” клубида жиддий ички муҳокамалар бошланди. Клуб раҳбарияти сўнгги пайтларда айрим футболчиларда мотивация етишмаётганини пайқаб, бу муаммони таг-томири билан ҳал этишга киришди. Бу ҳақда Испаниянинг “Marca” нашри хабар тарқатди.

Хабарга кўра, клуб раҳбарлари футболчилардан жамоа олдидаги мақсадлари, шахсий режалари ва “қаймоқранглилар” сафидаги фаолияти юзасидан шахсан суҳбат ўтказмоқчи. Улар ўйинчиларнинг ишга садоқати, куч ва руҳий тайёргарлиги борасида тўлиқ аниқлик киритишни мақсад қилган.

Айниқса, Винисиус Жуниорнинг сўнгги кунлардаги кайфияти раҳбариятни жиддий ўйга солмоқда. Унинг жамоадаги мавқеи, мотивацияси ва келажакдаги режалари алоҳида муҳокамага сабаб бўлган.

Шу билан бирга, Родриго масаласида клуб муайян қарорга келган ва унинг трансфери бўйича турли вариантлар кўриб чиқиляпти. Яъни, бразилиялик футболчи жамоани тарк этиши эҳтимолдан холи эмас.

Қизиғи шундаки, “Реал”нинг асосий ҳужумчиси Килиан Мбаппе ҳам хавотирга сабаб бўлмоқда. Хаби Алонсо жамоага келганидан буён, ҳар бир футболчидан майдонда максимал ғайрат ва фидойилик талаб қилмоқда. Аммо, клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ярим финалида ПСЖга қарши ўйинда “Реал” футболчиларида айнан шундай руҳият етишмагандек кўринди. Ўйин 0:4 ҳисобида мадридликларнинг йирик мағлубияти билан якунланди.

Мана шундай натижалардан кейин клуб ичида ички интизом ва жамоавий руҳни қайта тиклаш муҳим аҳамият касб этмоқда. “Реал” — фақат юлдузлар жамоаси эмас, балки ғалабалар учун жон куйдирадиган жамоа эканини исботлаши керак.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Реал” раҳбарлари футболчиларга шубҳа билан қарай бошладими?