date

Модрич “Реал” билан юксак туйғуларда хайрлашди

Модрич “Реал” билан юксак туйғуларда хайрлашди
Мадриднинг машҳур “Реал” клуби билан тарихга ёзилган сафарини тугатган Хорватия терма жамоаси сардори Лука Модрич клуб ва унинг миллионлаб мухлислари билан самимий видолашди.

13 мавсум давомида “Лос Бланкос” сафида юракдан ўйнаган ярим ҳимоячи жамоа билан 28 та турнирда зафар қучди ва "Реал Мадрид" тарихидаги энг совринли футболчи сифатида рекордчига айланди.

— Бу сўзларни айтмоқ мен учун осон эмас. Ҳис-туйғуларга бой, унутилмас, шарафли ва ютуқларга тўла сафар якунига етди. Мадриддаги йилларим орзудагидек ўтди, ҳар бир лаҳза қалбимда муҳр бўлиб қолади, — деди Модрич ўз чиқишида.

Унинг таъкидлашича, "Реал" унга нафақат профессионал футболчи, балки инсон сифатида ҳам улкан ривожланиш имкониятини берган.

— Мен бу ерда инсон сифатида ўсдим. Мадрид менга ҳаётимдаги энг муҳим нарсалардан бирини — иккинчи уйимни берди. Энди Испания ва Мадрид менинг қалбимнинг бир бўлагидек. Албатта, вақт ўтиб, барча ютуқларимнинг қийматини чуқурроқ англайман, чунки бу ердаги ҳар бир ҳис-туйғуни тушуниб етиш учун вақт керак, — дея қайд этди у.

Модрич ўз сўзларида мухлислар меҳри ва қўллаб-қувватлови унинг ҳаётидаги энг катта бойликларидан бири эканини алоҳида урғулади:

— Совринлардан ташқари, мухлислар муҳаббати ҳам бор. Бу — сиздан ҳеч ким олиб қўя олмайдиган туйғу. Одамларни алдай олмайсиз — улар сизга чин юракдан меҳр кўрсатади. Улар менга шунчаки “Реал” футболчиси бўлганим учун эмас, инсоний фазилатларим учун ҳам меҳр берганига ишонаман, — деди хорват юлдузи.

Эслатиб ўтамиз, Лука Модрич “Реал Мадрид”га 2012 йилда Лондоннинг “Тоттенхэм” жамоасидан келиб қўшилган эди. Унинг саҳнадаги ҳаракатлари, техник маҳорати ва сўнгги дақиқаларгача курашиши миллионлаб мухлислар қалбидан жой олган. Унинг кетиши билан бутун бир давр якун топди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Модрич “Реал” билан юксак туйғуларда хайрлашди