date

Мойзе Кинни “Ал Ҳилол”да кўрамизми? Саудия таклифи жиддий

Мойзе Кинни “Ал Ҳилол”да кўрамизми? Саудия таклифи жиддий
Европа футболида ўз ўрнига эга бўлган ҳужумчи — Мойзе Кин фаолиятида катта бурилиш рўй бериши мумкин. Италиянинг “Фиорентина” клуби сафида тўп сурган 24 ёшли футболчи Саудия Арабистони чемпионатига йўл олиши эҳтимоли бор.

Хорижий оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Саудиянинг етакчи жамоаларидан бири — “Ал Ҳилол” Кинга жиддий қизиқиш билдирмоқда. Маълумотларга кўра, жамоа мураббийи Симоне Индзаги ушбу трансферни шахсан истамоқда ва клуб раҳбарияти футболчи учун жиддий харажат қилишга тайёр.

Айни пайтда “Ал Ҳилол” Кинга йилига 20 миллион евро маош таклиф қилмоқда. Бу таклиф ҳужумчи учун ҳам, унинг агенти учун ҳам жозибали бўлиши табиий. Шу билан бирга, “Фиорентина” жамоаси ҳужумчининг трансфери орқали 52 миллион евро даромад қилишни режалаштирмоқда.

Мойзе Киннинг ўтган мавсумдаги натижалари ҳам ушбу қизиқишни асослашга етарли: у А Серия доирасида 32 учрашувда майдонга тушиб, 19 та гол урди ва 3 бор ассистент сифатида фаолият олиб борди. Бу кўрсаткичлар ҳужумчининг ҳозирги спорт формаси юқори эканини кўрсатмоқда.

“Ал Ҳилол”нинг бундай трансферлар орқали европалик юлдузларни жалб қилиш ҳаракати Саудия футболидаги янги стратегиянинг бир қисми экани аён. Мойзе Киннинг ушбу жамоага қўшилиши Саудия Лигасидаги рақобатни янада кучайтириши, унга янги руҳ бағишлаши мумкин.

Футбол мухлислари эса энди ҳужумчининг келгуси фаолиятини катта қизиқиш билан кузатмоқда. Европа чемпионатларида ўзини кўрсата олган Кин Саудияда ҳам юқори даражада тўп сурадими? Бу саволларга яқин ҳафталарда жавоб топиш мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Мойзе Кинни “Ал Ҳилол”да кўрамизми? Саудия таклифи жиддий