
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, “ЦСКА”нинг ҳужумкор футболчиси Аббосбек Файзуллаев ҳар бир мавсумда ўз номини катта саҳнада янада ёрқин тарзда намоён этмоқда. 21 ёшли легионеримиз жорий мавсумда Россияда яна бир муҳим ютуққа эришди – у Россия Суперкубоги соҳиби бўлди.
Аввалроқ, Файзуллаев Россия Премьер-лигаси бронза медали ва мамлакат кубогини жамоаси билан қўлга киритганди. Янги мавсум олдидан эса унга яна бир нуфузли соврин – Суперкубок насиб этди.
Ушбу муҳим беллашув Россия чемпионати ғолиби “Краснодар” ҳамда мамлакат кубоги соҳибини аниқлаган “ЦСКА” ўртасида бўлиб ўтди. Қозондаги нейтрал майдонда ўтган ўйинда кучли ва муросасиз кураш кечди. “ЦСКА” ҳимоячиси Игорь Дивеевнинг 49-дақиқада киритган голи москваликларга ғалаба олиб келди.
Аббосбек Файзуллаев 79-дақиқада захирадан майдонга тушиб, жамоасининг устунлигини сақлаб қолишда фаол иштирок этди. Шу тариқа, у ЦСКА таркибида иккинчи бор соврин кўтариш шарафига муяссар бўлди.
Энг эътиборлиси, Аббосбек Файзуллаев Россия футболида бир йил ичида ҳам мамлакат кубоги, ҳам Суперкубокни ютиб олган биринчи ва ҳозирча ягона ўзбекистонлик футболчи сифатида тарихга кирди. Бу эса нафақат унинг шахсий ютуғи, балки ўзбек футболининг халқаро майдондаги нуфузини янада кўрсатиб турибди.
Бундан ташқари, футболчининг келажаги ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар пайдо бўлди. Туркиялик журналист Усмон Алтунтеримнинг маълум қилишича, Файзуллаев Туркиянинг етакчи клубларидан бири – “Истанбул Башакшеҳир”га ўтишга розилик берган.
Журналистнинг сўзларига кўра, футболчи Истанбулга кўчиб ўтишни хоҳламоқда ва клублар ўртасида трансфер тўлови бўйича катта келишмовчилик йўқ. Агар ушбу келишув амалга ошса, Аббосбек Туркия Суперлигасига қадам қўяди.
Қизиқ томони шундаки, “Башакшеҳир” жамоаси яқинда бошқа ўзбекистонлик футболчи – Элдор Шомуродовни ҳам ижарага олган эди. Шу боис, Аббосбек янги клубида ҳамюртини топиши ва бу дуэт Туркияда янги саҳифа очиши мумкин.
Ҳозирда “Истанбул Башакшеҳир” клуби Туркия чемпионатида юқори мақсадлар – Европа кубоклари йўлланмалари учун курашмоқда ва ёзги трансфер ойнасини фаол ўтказмоқда. Агар Файзуллаевнинг трансфери амалга ошса, у бу жамоа учун муҳим кучга айланиши мумкин.
Аббосбекнинг Европа футбол бозоридаги қадри тобора ортиб бораётгани, унинг маҳорати ва профессионал ёндашуви билан изоҳланади. Унинг катта майдонлардаги юриши ҳали олдинда — энди эса янги саҳифа Туркияда очилиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар