date

Жаҳон чемпионати плей-офф қуръаси: Кападзе иштирок этган маросим

Жаҳон чемпионати плей-офф қуръаси: Кападзе иштирок этган маросим
Жаҳон чемпионати йўлидаги навбатдаги муҳим босқич учун қуръа ташланди. Осиё футбол конфедерациясининг Куала-Лумпурда жойлашган қароргоҳида 2026 йилги мундиалга олиб борувчи плей-офф босқичининг қуръа маросими бўлиб ўтди, деб хабар берди the-afc.com.

Қуръа маросимида ўзбекистонлик футбол ишқибозлари учун қизиқ воқеа ҳам қайд этилди — унда терма жамоамиз устози Тимур Кападзе Шин Ман Гил билан биргаликда қуръани олиб борди.

Қуръа натижасида ЖЧ 3-саралаш босқичида учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган олтита жамоа икки гуруҳга ажратилди. Улар қуйидагича шаклланди:

"А" гуруҳи:
- Қатар
- Бирлашган Араб Амирликлари
- Ўмон

"В" гуруҳи:
- Саудия Арабистони
- Ироқ
- Индонезия

Эндиликда ушбу гуруҳлардаги кескин тўқнашувлар 2025 йил 8–14 октябрь кунлари марказлаштирилган форматда ўтказилади. "А" гуруҳига Қатар мезбонлик қилади, "В" гуруҳининг учрашувлари эса Саудия Арабистонида бўлиб ўтади.

Ҳар бир гуруҳда фақат битта жамоа — ғолиб — 2026 йилги ФИФА Жаҳон чемпионатига бевосита йўлланмани қўлга киритади. Эътиборлиси, ҳар икки гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар 13 ва 18 ноябрь кунлари икки ўйинли дуэлда ФИФА плей-офф босқичига чиқиш учун ўзаро баҳслашади. Бу баҳсда ғолиб чиққан жамоа қитъалар ўртасидаги ҳал қилувчи саралашда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ушбу ўта тортишувли босқичдан олдинроқ ўз йўлини топди. 5 июнь куни БАА термасига қарши ўйинда қайд этилган 0:0 ҳисобидаги дуранг термамиз учун кифоя қилганди — жамоа мундиалга йўлланмани муддатидан аввал расмийлаштирган.

Осиёдаги кураш тобора қизиб боряпти. Қуръа натижаларига кўра, ҳар бир гуруҳда кучлар деярли тенг. Қатар ва Саудия Арабистони ўз уйларида ўйнаса-да, рақиблар ҳам осон бўлмайди. Хусусан, Ироқ ва БАА сингари жамоаларда тажриба етарлича. Индонезиянинг сўнгги саралаш босқичидаги курашувчан ўйини ҳам мухлислар учун янги интрига бўлиши аниқ.

Қуръа ташлаш жараёнида Кападзенинг иштирок этиши эса Ўзбекистон футболининг Осиёдаги нуфузидан далолат беради. Бугун бу футбол байрамида майдонда бўлмасада, у саҳнада фаол иштирок этиб, яна бир бор юртимиз шарафини ҳимоя қилди.

Кураш янги босқичга ўтди. Энди эса навбат – плей-оффнинг ўзига хос финалларига. Қайси жамоалар қитъамиз шарафини Жаҳон чемпионатида ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлади? Жавоб учун кутиш қолади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жаҳон чемпионати плей-офф қуръаси: Кападзе иштирок этган маросим