
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ва спорт сайтларида “Ўзбекистон терма жамоасига Йоахим Лёв ёки Славен Билич келиши мумкин” деган шов-шувли хабарлар тарқалди. Жаҳон футболида ном қозонган ва жиддий тажрибага эга бу мутахассислар ҳақидаги гап-сўзлар мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотди, деб хабар берди championat.asia.
Албатта, бу масала юзасидан энг муҳим нуқтаи назар — амалдаги бош мураббий Тимур Кападзенинг шахсий фикри. Ундан бу борада муносабат сўрадик.
"Ростини айтсам, мен ҳам бу ҳақда фақат ижтимоий тармоқлардаги хабарлар орқали билдим. Расман менга бу борада ЎФАдан ҳеч ким мурожаат қилмади, ҳеч қандай расмий маълумот берилмади", — деди Кападзе.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда у ўз вазифасини сидқидилдан бажармоқда ва ҳамон терма жамоанинг бош мураббийи сифатида фаолият юритмоқда.
"Кимдир келади, мени алмаштиради ёки бирон ўзгариш бўлади, деб ҳам ҳеч қандай расмий хабар беришмади. Менга фақат бир вазифа берилган — жамоа билан ишлаш. Шуни бажаряпман. Қолганини вақт ҳал қилади. Насиб бўлса ишимизни давом эттирамиз, бўлмаса — бошқа имконият қидирилади", — деди у.
Кападзе бундай шов-шувли маълумотларга фақатгина вақт кўрсатадиган воқелик сифатида қарайди. Унинг фикрича, муҳими — ҳозирги кунга ва ишга тўлиқ эътибор қаратиш.
"Фейк хабарми ёки ҳақиқатми — менда маълумот йўқ. Ҳозирча терма жамоа мураббийиман ва ишлашда давом этяпман", — дея сўзини якунлади мутахассис.
Айни пайтда эса футбол мухлислари бир савол билан бош қотирмоқда: ЎФА расмий баёнот берадими ёки бу шов-шувларнинг ортида ҳақиқат борми? Ҳар ҳолда, жамоада барқарорликни таъминлаш, ишончни сақлаш ва тайёргарликни узвий давом эттириш муҳим аҳамиятга эга. Қолганини эса фақат вақт кўрсатади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар