
Ўзбекистон футболининг узоқ йиллар орзу қилинган мақсади амалга ошди — миллий терма жамоамиз илк бор ФИФА Жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу воқелик нафақат мухлисларни, балки бутун мамлакат аҳлини ҳайрат ва ғурурга тўлдирди.
Бу натижа шунчаки ютуқ эмас — у тарихда янги саҳифани очди. Энди эса диққат марказида бўладиган энг муҳим вазифа — Жаҳон чемпионатига ҳар томонлама пухта ва самарали тайёргарлик кўриш ҳисобланади.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси бу масалани жиддий эътиборга олган ҳолда, ҳар бир йўналишда аниқ ва тизимли ҳаракатларни бошлаб юборди. Айниқса, футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш, рақиб жамоаларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, тиббий хизматни янги босқичга олиб чиқиш, мураббийлар штабини кучайтириш ва мукаммаллаштириш, психологик барқарорликни таъминлаш — барчаси кун тартибида.
Шу билан бирга, илмий-таҳлилий ёндашув ва замонавий технологиялар асосида машғулот жараёнларини қайта кўриб чиқиш ҳам режада бор. Бу эса терма жамоамизни мусобақага энг юқори спорт ҳолатида етаклашга хизмат қилиши лозим.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда миллий жамоа ҳақида турли гап-сўзлар, тахминлар, балки баъзан асоссиз маълумотлар тарқалмоқда. Ўзбекистон футбол ассоциацияси шуни расман маълум қиладики, ҳозирги пайтда тайёргарлик жараёни аниқ режа ва ички интизом асосида олиб борилмоқда. Ҳар бир қадам аниқ белгиланган ва бу жараёнда тасодифга ўрин йўқ.
Ассоциация таъкидлаганидек, барча расмий ва ишончли маълумотлар фақат уларнинг расмий платформалари орқали эълон қилинади. Бу эса шов-шувларга эмас, фақат ишончли манбаларга таянишни яна бир бор эслатади.
Футбол мухлислари ва умумий жамоатчиликдан талаб этиладиган ягона нарса — жамоага ишонч, қўллаб-қувватлаш ва ёлғон ахборотларга берилмаслик. Чунки ҳозир жамоанинг энг катта кучи — бирдамлик ва ишончдир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар