date

Рим марказига янги маэстро келди: Эль-Айнауи "Рома"да

Рим марказига янги маэстро келди: Эль-Айнауи "Рома"да
Марказий ярим ҳимоя чизиғидаги тажрибали ва иқтидорли футболчилар ҳамиша ҳар қандай жамоа учун катта бойлик ҳисобланади. Италиянинг нуфузли клуби — "Рома" ҳам ана шундай бойликка эга бўлди. Франция чемпионатида барқарор ўйини билан кўпчиликнинг эътиборини тортган Нель Эль-Айнауи расман римликлар таркибига қўшилди.

Бу ҳақда "Рома" клуби ўзининг расмий сайти орқали маълум қилди. 24 ёшли марказий ярим ҳимоячи билан 2030 йилнинг ёзигача мўлжалланган шартнома имзолангани маълум қилинди. Шунингдек, футболчига рамзий маънода масъулиятли бўлган 8-рақам берилиши ҳам мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотди.

Футболчининг трансферига оид молиявий жиҳатлар ошкор этилмаган бўлса-да, аввалроқ "Foot Mercato" нашри франциялик ўйинчи учун "Рома" клуби 25 миллион евро тўлашга тайёр экани ҳақида хабар тарқатган эди.

Нель Эль-Айнауи сўнгги мавсумни Франциянинг "Ланс" жамоасида ўтказди ва у ерда ўзини яхши томондан кўрсата олди. 26та ўйинда иштирок этган ярим ҳимоячи рақиб дарвозаларига 8 бор йўл топиб, яна 1 та голли узатма амалга оширишга муваффақ бўлган.

Франция ва Марокаш фуқаролигини ўзида мужассам этган футболчи, техник жиҳатдан етук, кучли пас маданиятига эга ва майдон марказида ўйинни ўқиш қобилияти билан ажралиб туради. Унинг келажагига бўлган ишонч катта: "Рома" бу трансфер орқали марказни мустаҳкамлаш, янгича динамик куч қўшишни мақсад қилгани аниқ.

Таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда Италия А Серияси янада рақобатбардош ва шиддатли тус олган бир пайтда, бундай юқори савияли ярим ҳимоячининг жамоага қўшилиши, айниқса, "Рома" мухлисларини кутилганидан ҳам ортиқ қувонтириши турган гап.

Нель Эль-Айнауи учун энди янги саҳифа очилди. Франциядаги порлоқ ўйинларини энди Римда янада юқори босқичга олиб чиқиш унинг қўлида. Агар у "Рома"да ўз ўйинини топа олса, ундан катта натижалар кутса бўлади. Мухлислар эса энди янги "ақлли ўйинчи"дан ижобий таассурот кутишмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рим марказига янги маэстро келди: Эль-Айнауи "Рома"да