date

Сон Хён Минга АҚШдан рекорд маошли таклиф тушди

Сон Хён Минга АҚШдан рекорд маошли таклиф тушди

Жанубий Корея терма жамоаси етакчиси ва “Тоттенхэм” клубининг тажрибали футболчиси Сон Хён Мин фаолиятида янги босқичга қадам қўйиши мумкин. 33 ёшли вингерга Америка Қўшма Штатларидаги машҳур жамоа — “Лос-Анжелес” томонидан жуда жиддий ва молиявий жиҳатдан жозибали таклиф берилди.

Маълумотларга кўра, "Лос-Анжелес" клуби Сон Хён Минга ҳар йили 20 миллион АҚШ доллари атрофида маош таклиф қилмоқда. Бу ҳақда трансфер масалалари бўйича ишончли манба саналувчи италиялик журналист Николо Скира хабар тарқатди. Унинг таъкидлашича, агар ушбу шартнома амалга ошса, Сон МЛС тарихидаги энг кўп маош олувчи футболчилардан бирига айланади.

Айни пайтда МЛСда маош бўйича мутлақ пешқадам сифатида Лионель Месси тан олинган. Аргентиналик супер юлдуз “Интер Майами” клубида фаолият юритар экан, ҳар бир мавсум учун 20,45 миллион долларлик даромадга эга. Агар Сон ҳам АҚШга йўл олса, унинг маоши Мессидан сал кам бўлишига қарамай, барибир энг кўп тўланадиган футболчилар қаторига киради.

Шу билан бирга, аввалроқ "Тоттенхэм Хотспур" клуби раҳбарияти Сон Хён Миннинг клубни тарк этаётганини расман маълум қилган эди. Шу муносабат билан, футболчининг келажакдаги манзили кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Манбаларнинг ёзишича, “шпорлар” футболчи учун 20 миллион фунт миқдорида даромад олишга умид қилмоқда.

Сон Хён Миннинг АҚШга йўл олиши нафақат молиявий жиҳатдан манфаатли бўлиши, балки унинг бренд қийматини ҳам янада ошириши мумкин. МЛС сўнгги йилларда бир қатор юлдузларни жалб этгани, бу лигага бўлган қизиқишни сезиларли даражада оширди. Сон каби юқори даражадаги футболчининг келишидан эса нафақат клуб, балки бутун Америка футболи фойда кўради.

Эндиликда барча диққат Сон Хён Миннинг қарорида. У жаҳон футболи саҳнасидан чекинмай, янги мамлакат ва янги муҳитда ўзини синаб кўрадими ёки Европа футболидаги йўлини давом эттирадими — бу саволга яқин кунларда аниқ жавоб олишимиз мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сон Хён Минга АҚШдан рекорд маошли таклиф тушди