"Манчестер Сити" клубининг тажрибали бош мураббийи Хосеп Гвардиола таркибни янгилаш, ёшлар билан тўлдириш ва келажак учун кучли асос яратиш мақсадида жиддий ислоҳотларни амалга оширмоқда. Унинг режаларида ёш авлод футболчиларини жамоага жалб қилиш орқали янада кучли ва рақобатбардош таркиб шакллантириш турибди.
Бу галги авлодлар алмашинуви жараёни барчани кутилмаганда, яъни 2025 йилнинг қишки трансфер ойнасида “Ланс” жамоасидан ўзбек футболининг ёрқин намояндаларидан бири бўлган Абдуқодир Ҳусановни олиб келиш билан бошлангани ажабланарли эмас, деб хабар берди El Nacional.
Ушбу трансфердан сўнг жамоа таркиби тез фурсат ичида янги юзлар билан тўлдирилди — “Палмейрас” клубидан Витор Рейс, Германиянинг “Айнтрахт” жамоасидан Умар Мармуш, шунингдек, Португалиянинг “Порту” клубидан Нико Гонсалес каби иқтидорли футболчилар жамоага қўшилди.
Ёзги трансфер ойнасида эса Гвардиоланинг трансфер сиёсати янада фаоллашди. Жамоа таркиби “Милан”дан Тижани Рейндерс, “Вулверхэмптон”дан Райан Айт-Нури, “Лион”дан Райан Шерки, “Русенборг”дан Сверре Нюпан ва “Бёрнли”дан дарвозабон Жеймс Траффорд билан бойитилди.
Айни пайтда “Сити” клубида скаутлар гуруҳи спорт директори Уго Виана раҳбарлигида узлуксиз равишда жамоага мос ва келажакда катта натижаларга эришишга қодир бўлган ёшлар изланишини давом эттирмоқда.
Шунингдек, Испания нашрларининг маълум қилишича, Гвардиола энди “Барселона” таркибида порлаётган, ўз юртининг истиқболли футболчиларидан бири Фермин Лопесга жиддий қизиқиш билдирмоқда. Хабарларга қараганда, “Манчестер Сити” клуби уни қўлга киритиш учун 60 миллион евро миқдорида маблағ тайёрлаб қўйган.
Фермин Лопес ҳужумкор таркибда турли позицияларда ўйнай олиши, кутилмаган ҳаракатлари ва рақиб жарима майдонига фаол кириш қобилияти билан Гвардиоланинг диққат марказига тушган. “Сити” мутахассислари унинг техник ва тактик жиҳатдан клуб услубига жуда мос эканлигини алоҳида таъкидлашмоқда.
“Барселона” клубида эса Лопеснинг келажаги ҳозирча аниқ эмас. У берилган имкониятлардан унумли фойдаланган бўлса-да, таркибдаги юқори рақобат туфайли асосий таркибда ўз ўрнини мустаҳкамлай олмаяпти. Бу ҳолат ёш футболчи учун катта муаммога айланмоқда, айниқса жаҳон чемпионати остонасида мунтазам ўйин амалиёти унга керак бўлади.
Айни шу сабабли, Лопес келажагини ўзини асосий лойиҳа сифатида кўрувчи гранд жамоаларда кўради. Буни ҳам футболчи, ҳам унинг агентлари яхши англашмоқда.
Эътиборлиси шундаки, ўзбекистонлик мухлислар учун бу хабар янада қизиқ, чунки Абдуқодир Ҳусанов ва Фермин Лопес ўртасида аввал ҳам тўқнашув бўлган — 2024 йилда Париждаги Олимпияда ўйинлари доирасида Ўзбекистон ва Испания терма жамоалари ўртасидаги гуруҳ баҳсида. Ўшанда Ҳусанов ёш испаниялик ярим ҳимоячини қийин аҳволда қолдирган, ўйин давомида улар орасида тортишув ҳам кузатилган.
Агар Гвардиоланинг режаси амалга ошса, энди бу икки ёш истеъдод бир жамоа сафида – “Манчестер Сити” таркибида елкадош бўлиб, янги даврни бошлаш имконига эга бўлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!