АҚШда Англиянинг 4 та клуби ўртасида ўтказилган ўртоқлик турнири якунига етди. Португалиялик мураббий Рубен Аморим бошчилигида янги мавсумга тайёргарлик кўраётган “Манчестер Юнайтед” жамоаси навбатдаги ўртоқлик баҳсида "Эвертон"га қарши майдонга тушди. Мазкур беллашув кутилганидек муросасиз ва жанговар тарзда кечди. Учрашув якунланганда таблода 2:2 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. Шу тариқа мусобақада 7 очко тўплаган "Манчестер Юнайтед" бош совринга эга чиқди.
Беллашувнинг дастлабки бўлимидаёқ “қизил иблислар” фаол ҳаракатлари билан устунликни қўлга киритишди. 19-дақиқада жамоа етакчиларидан бири бўлган Бруну Фернандеш пенальти зарбасидан ҳисобни очди. Ушбу гол билан МЮ вазиятни ўз назоратига олгандек туюлди.
Бироқ, “Эвертон” жавобсиз қолмади. Биринчи таймнинг тугашига 5 дақиқа қолганда Ндиайе рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни тенглаштирди. Шу тариқа, жамоалар таймга мағлуб бўлмаган ҳолда йўл олишди.
Иккинчи бўлимда ҳам рақобат ўта муросасиз тус олди. 69-дақиқада янги мавсумдан катта умидлар билан кутилган Мейсон Маунт ўзининг ўзига хос техник маҳоратини намоён этиб, айланма зарбаси билан “Манчестер Юнайтед”ни яна олдинга олиб чиқди.
Бироқ, голдан кейин атиги 6 дақиқа ўтиб, “Эвертон” жамоаси навбатдаги муҳим ҳужумни амалга ошириб, ҳисобни иккинчи бор тенглаштиришга муваффақ бўлди. Шундан сўнг иккала жамоа ҳам фаол ҳаракат қилди, бироқ натижа ўзгармади. Учрашув 2:2 ҳисобида якунланди.
Манчестер Юнайтед — Эвертон 2:2
Голлар: Фернандеш (19, пеналти), Маунт (67) — Ндиайе (40), Ҳевен (75, автогол).
Манчестер Юнайтед — Байиндир, Йоро (Магуайр, 57), Де Лигт (Фредериксон, 88), Шоу (Ҳевен, 57), Далот, Диалло, Угарте (Каземиро, 72), Майну (Маунт, 57), Фернандеш, Мбеумо (Доргу, 46), Куня (Ҳойлунд, 72).
Эвертон — Пикфорд, Тарковски (Онианго, 61), О'Брайен, Кин, Миколенко, Гуйе (Азну, 61), Айрогбунам (Армстронг, 84), Алкарас (Макнил, 61), Ндиайе (Шермити, 84), Гарнер, Бету (Барри, 61).
Мухлислар учун эслатиб ўтамиз: "Манчестер Юнайтед" Англия Премьер-лигасининг 2025/2026 йилги мавсумидаги илк расмий учрашувини 17 август куни "Арсенал"га қарши ўтказади. Катта қизиқиш уйғотган ушбу тўқнашув якшанба куни соат 20:30 да старт олиши режалаштирилган.
Футбол ишқибозлари олдида яна бир мавсум драмаларга бой, ҳиссиётларга тўла ва кутилмаган воқеалар билан юзлашиш турибди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!