Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзенинг кейинги пайтдаги баёнотлари футбол мухлислари орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Кападзе Жаҳон чемпионати финал босқичига чиқишнинг нақадар муҳимлиги, бу тарихий натижанинг мамлакат футбол ҳаётидаги ўрни ва 2026 йилда бўладиган мусобақада Марказий Осиё жамоасининг имкониятлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Шубҳасиз, мундиалда иштирок этиш — биз учун беқиёс тарихий муваффақият. Жаҳон чемпионати — бутун футбол оламида энг нуфузли ва юксак мусобақа ҳисобланади. Биз бу орзумизга эришиш учун йиллар давомида тинимсиз меҳнат қилдик ва ниҳоят, барча саъй-ҳаракатларимиз самара берди. Бугунги кунда юртимизда футболга қизиқиш ортиб бормоқда, кўплаб ота-оналар фарзандларини футбол мактабларига олиб келишмоқда. Бу жуда руҳлантирувчи ҳолат. Бу эса соҳада янги истеъдодларни кашф этиш, инфратузилмани яхшилаш ва ҳомийлар эътиборини тортишга хизмат қилади.
Жамоага саралаш босқичининг ўртасида қўшилиш мен учун осон бўлмади. Чунки муҳит ва вазият жуда жиддий эди, вақт эса жуда оз эди. Терма жамоада тезда ишни бошлаб, натижа қайд этиш зарур эди. Илгари ҳам саралашда финишга яқин борганмиз, бироқ омад етмаган эди. Бу сафар эса сўнгги дақиқаларгача матонат ва бардош кўрсатдик, тўғри тайёргарлик билан керакли йўлланмани қўлга киритдик.
Ҳар бир ўйинда ўз босими бўлади, бироқ Абу-Дабида ўтган ҳал қилувчи учрашув барча учун катта синов бўлди. Биргина очко етарли бўлишини англаганимиз сабабли, ўзига хос танглик юзага келди. Керакли очкони қўлга киритиш учун барча куч ва имкониятимизни сафарбар қилдик. Бу синовда ғалаба қозониш бутун жамоа ва мамлакат учун янги руҳ ва илҳом бахш этди.
Айни пайтда, терма жамоамизда мустаҳкам пойдевор яратилди. Олдимиздаги ўртоқлик учрашувларида янги иқтидорларни синаб кўрамиз. Ҳар бир футболчи ўзини кўрсата олса, албатта, таркибда ўз ўрнини топади. Шу билан бирга, барқарорликни асраш ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш — асосий мақсадимиз.
ФИФА кунларидан тўлиқ фойдаланиб, тайёргарлик учун иложи борича кўпроқ ўртоқлик учрашувлари ўтказишни режалаштирганмиз. Менинг фикримча, CAFA Миллатлар Кубоги ҳам қимматли мусобақа ҳисобланади. Бу турнир бизга қисқа вақт ичида турли жамоаларга қарши ўйнаш имконини беради. Шунингдек, у янги футболчиларни синаб кўриш учун ажойиб имконият. Ҳар қандай учрашув ва турнир, кичик миқёсда бўлмасин, тайёргарлигимизда фойдали бўлади.
Ўзбекистон Жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этади. Биз учун улкан ҳаётий мактаб, янги босқич ва янги саҳифа. Шунчаки бундай нуфузли мусобақада қатнашиш ва тажриба орттиришнинг қиймати юқори. Бироқ ҳар ўйинга ғалаба қозониш мақсадида ёндашамиз. Гуруҳ босқичидан ўтиб, имкон қадар узоқроққа боришга эришсак, ажойиб бўларди. Жаҳон чемпионати жуда муҳим аҳамиятга эга.
Европа топ-лигаларида тўп сураётган футболчиларимизнинг тажрибаси миллий жамоага катта фойда келтирмоқда. Улар юқори рақобат муҳитида етилиб, ўз юрти шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда. Бу ҳам Ўзбекистон футболи ривожига янги суръат бахш этади”, — дея таъкидлади Кападзе.
Мухлисларимизни янада катта натижалар кутиб турибди. Олдинда катта синовлар, аммо йигитларимизга ишонч ва муҳаббат мустаҳкам. Мундиалда янги тарих яратилади!
Манба: the-afc.com
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!