"Қўқон-1912" жамоасига қарши кечган учрашувда (3:0) "Андижон" клуби сафида биринчи бор майдонга тушган қирғизистонлик дарвозабон Эржан Токотаев дебют ўйини ҳақида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, ушбу баҳс фақат натижа жиҳатдан эмас, балки шахсий фаолиятида ҳам муҳим аҳамият касб этган.
Токотаевнинг таъкидлашича, дебют ўйинини ўз стадионида, ўз мухлислари олдида ўтказгани унда катта ғурур туйғусини уйғотган. Ушбу баҳсда жамоа йирик ҳисобда ғалаба қозонгани, энг муҳими, дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолгани уни жуда мамнун қилганини алоҳида таъкидлади.
– Илк расмий ўйинимни ўтказганимдан ниҳоятда мамнунман. Бундай кайфиятдаги атмосферада, ўз майдонимизда мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлови остида ўйнаб, ғалаба қозонганимиз мени руҳлантирди. Шунингдек, ушбу учрашувда дарвозамизга гол ўтказмаслигим ҳам мен учун муҳим натижа бўлди, – деди Эржан.
Мураккаб вазиятлар, кучли зарбалар ва тезкор эпизодларга қарамай, Токотаев ўзини дарвозада ишончли намоён қилди. Унинг сэйвлари мухлислар томонидан олқиш билан қарши олинди. Эржан зарбалар жуда оғир бўлганини, лекин тайёргарлик ва диққат туфайли уларни қайтаришга муваффақ бўлганини таъкидлади.
– Дарвозамиз сари йўлланган зарбалар, айниқса, биринчи бўлимдаги вазиятлар анча жиддий ва хавфли эди. Бироқ мен ҳар бир эпизодда максимал даражада жамланиб, тўғри қарорлар қабул қилишга уриндим. Буни уддаладим деб ўйлайман, – деди у.
Дарвозабон жамоадаги муҳит ва мослашиш жараёни ҳақида ҳам ижобий фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, "Андижон"да жамоавий руҳ юқори ва футболчилар ўртасидаги муносабатлар самимий.
– Жамоамизга тезда мослашдим. Ҳамкасбларим жуда илиқ қарши олишди. Киришиб кетишда ҳеч қандай қийинчилик сезмадим. Улар билан ўзаро англашув яхши, – дейди Токотаев.
Шунингдек, у "Андижон"нинг мухлислари ҳақида ҳам самимий фикр билдирди ва уларга алоҳида миннатдорчилик изҳор этди.
– Мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлови жуда юқори даражада бўлди. Улар бутун ўйин давомида мен ва жамоани руҳлантириб туришди. Бу мен учун илҳом манбаи. Улар энг яхши, топ-даражадаги мухлислар. Бизга ишонишда ва таянч бўлишда давом этинглар. Биз ҳали кўп яхши ўйинлар кўрсатамиз, – дея сўзини якунлади Эржан Токотаев.
Футболчи учун муваффақиятли дебют — катта карьерадаги мустаҳкам пойдевор. Эржан Токотаевнинг "Андижон"даги илк қадамлари шундай бўлди. Энди унинг келгуси ўйинларида ҳам бундай ишончли ўйинларини кузатиш кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!