Европа футбол бозорида муҳим янгилик: "Ливерпуль" жамоаси ҳужумчиси Дарвин Нуньес Саудиянинг машҳур "Ал Ҳилол" клубига ўтиш арафасида турибди. Футбол оламида ўз ишончли маълумотлари билан танилган инсайдер Фабрицио Романо таъкидлашича, икки клуб ўртасида трансфер шартлари бўйича оғзаки келишувга эришилган.
Ҳозирги кунда "Ал Ҳилол" вакиллари 26 ёшли уругвайлик ҳужумчи билан шахсий шартнома тузиш юзасидан музокараларни олиб бормоқда. Манбага кўра, клуб бош мураббийи Симоне Индзаги ушбу трансферга катта қизиқиш билдириб, Нуньеснинг салоҳияти ва ҳужумкор имкониятларига юқори баҳо берган.
Дарвин Нуньес ўтган мавсумда "Ливерпуль" сафида барча турнирларда 47 марта майдонга тушган ва жамоага 7 та гол ҳамда 7 та ассист билан ёрдам берган. Бу натижалар унинг ҳали ўз сўзини айтмаган футболчи эканини кўрсатади.
Агар "Ал Ҳилол" Нуньес билан шахсий шартнома тузишда келишиб олса, Саудия чемпионати яна бир юқори даражадаги футболчига бойийди. Мазкур трансфер нафақат клуб, балки бутун минтақа футболи учун катта ютуқ бўлиши мумкин.
Мухлислар орасида бу янгилик катта қизиқиш уйғотди. Янги мавсумда Нуньеснинг Саудияда қандай ўйин намойиш қилиши ва "Ал Ҳилол" сафида қандай натижаларга эришиши барчани қизиқтирмоқда. Таъкидлаш жоизки, бу трансфер Европа ва Осиё футбол бозорида янги рақобат ва интригага йўл очиши мумкин.
Яқин кунларда музокаралар натижаси аниқ бўлади. Мухлислар эса, ўз навбатида, ушбу жараённинг ривожини сабрсизлик билан кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!