Жанубий Кореянинг машҳур футбол юлдузи Сон Хён Мин ўзининг Лондон саёҳатига нуқта қўйди. “Тоттенхэм Хотспур” таркибидан “Лос-Анджелес”га йўл олган Сон ижтимоий тармоқларда мухлисларга самимий ва тўлқинли хайрлашув мактуби йўллади.
Сон Хён Миннинг айтишича, сўнгги кунларда қандай сўз топиш ҳақида кўп ўйлаган, аммо бу ҳис-туйғуларни тўлиқ ифода этишнинг иложи йўқ. У “Тоттенхэм” сафидаги ўн йилни ҳаётидаги энг катта босқичлардан бири сифатида эътироф этди: “2015 йил Лондонга келганимда мен учун барчаси янгилик эди, инглиз тилини билмасдим, лекин сизлар – мухлислар, мени дарров ўзингизникидек қабул қилиб, қийин пайтларимда ҳам доим ёнимда бўлдингиз. Мен фақат орзу қилган кореялик йигит эдим, энди эса Лондон қалбимда абадий из қолдирди.”
У ўз фаолияти давомида дўстлар топгани, жамоа сардорига айлангани ва ҳатто оталик бахтини татигани, “Тоттенхэм”га барча бор кучини бағишлаганини эътироф этди. Шу боис, клуб билан хайрлашиш унга жуда оғир кечганини таъкидлади.
Сон Хён Мин ўз сўзида клубга ва мухлисларга қалбидан чуқур миннатдорлик билдирди: “Мен кетганда фахр ва шараф билан кетаман деб ўйлардим. Илк ўйиним, Пушкаш мукофоти, “Олтин бутса” — барчаси ҳаётимда ёрқин из қолдирди. Бироқ, Бильбаода Лига Европа ғалабаси – умрбод хотира. Бу лаҳза, бу ғалаба – ҳаётимиз охиригача бирга бўлади.”
Якунда футболчи барчага, жумладан клуб ходимлари, устозлар, жамоадошлар ва мухлисларга чин қалбидан миннатдорлик билдирди. “Умид қиламанки, мен сизларни фахрлантира олдим”, — дея сўзини якунлади Сон Хён Мин.
Соннинг хайрлашуви “Тоттенхэм” тарихида энг эсда қоларли воқеалардан бири бўлди. Мухлислар эса унинг янги босқичдаги муваффақиятларини интизорлик билан кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!