date

Сон Хён Мин “Лос-Анжелес”ни нега танлади? Сабаби ортидаги ҳиссиётли сўзлар

Сон Хён Мин “Лос-Анжелес”ни нега танлади? Сабаби ортидаги ҳиссиётли сўзлар

Жанубий Корея миллий терма жамоасининг муносиб сардори ва кўп йиллик тажрибага эга бўлган иқтидорли ҳужумчи — Сон Хён Миннинг АҚШга йўл олиши футбол оламида катта қизиқиш уйғотди.

Биласиз, у Англиянинг нуфузли “Тоттенхэм” жамоасида узоқ вақт фаолият юритган, юзлаб голлар урган ва минглаб мухлислар қалбидан жой олган футболчи ҳисобланади. Энди эса у янги манзилга — Америка Қўшма Штатларидаги MLS чемпионатининг шарафини ҳимоя қилувчи “Лос-Анжелес” клубига қўшилди.

Унинг “ЛАФК” сафини танлаши тасодиф эмас. Соннинг айтишича, бу қарор ортида катта ҳаяжон, мақсад ва ўз олдига қўйилган улкан вазифалар турибди.

“Мен “Лос-Анжелес” каби улкан амбицияларга эга бўлган клубга қўшилганимдан ғоят мамнунман. Бу — дунёдаги энг машҳур ва спорт руҳи юқори бўлган шаҳарлардан бири. Бу ерда ғалабага бўлган иштиёқ ва чемпионлик руҳи бор. Мен эса шу муҳитда янги тарих ёзишни ният қилганман,” — дейди Сон ўз сўзларида.

Шунингдек, у янги чақириқлар ва синовларга доим тайёр эканини, бу сафар ҳам худди шундай руҳда ҳаракат қилишини маълум қилди. “МЛСдаги янги босқични катта қизиқиш ва интизорлик билан кутяпман. Мен бу жамоа, бу шаҳар ва бу ажойиб мухлислар учун бор кучимни сарфлайман. Мен бу ерга фақат бир мақсад билан келдим — совринлар ютуғини таъминлаш,” — дея таъриф берди кореялик юлдуз футболчи.

Унинг сўзларидан маълумки, у фақатгина майдонда эмас, балки кўнгилда ҳам янги йўлни бошламоқда. У янги муҳит, янги жамоа ва янги имкониятлар билан қайтадан барчани ҳайратда қолдиришни мақсад қилган.

Маълумот учун, 33 ёшли Сон Хён Мин “Тоттенхэм” жамоасидан кетиб, “Лос-Анжелес” клуби билан 2027 йил охиригача амал қиладиган шартнома имзолади. Шунингдек, шартномани аввал 2028 йилга, кейин эса 2029 йилнинг ёзигача узайтириш имконияти ҳам мавжуд.

Мухлислар эса энди Соннинг МЛСда қандай ўйин намоён этишини, янги жамоаси сафида қандай натижалар қайд этишини ва АҚШ футболига қандай таъсир кўрсатишини кузатишади.

Фақат бир нарса аниқ — Сон учун янги саҳифа бошланди ва у унга бутун борлиғи билан ёндошмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сон Хён Мин “Лос-Анжелес”ни нега танлади? Сабаби ортидаги ҳиссиётли сўзлар