Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари – Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаевни ўз таркибига қўшган Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” клуби УЕФА Конференциялар лигасидаги юришини ишонч билан давом эттирмоқда. Жамоа босқичма-босқич кучайиб бораётган турнирда янги ғалаба билан ишни якунлади.
Эслатиб ўтамиз, истанбулликлар саралашнинг иккинчи босқичида Болгариянинг “Черно Море” жамоасини икки ўйин натижасида (1:0 ва 4:0) ортда қолдириб, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритган эди. Эндиликда эса уларни навбатдаги рақиб – Норвегиянинг “Викинг” клуби кутаётган эди.
Қийин бошланган учрашув – ғалаба билан якун
Қарши томон майдонида ўтказилган илк тўқнашув бошланишиданоқ турклар учун осон кечмади. “Викинг” жамоаси ўйиннинг илк дақиқаларида “Башакшеҳир” ҳимоячилари хатосидан фойдаланиб, ҳисобни очишга муваффақ бўлди.
Деярли бир соатлик вақт мобайнида Чағдаш Атан шогирдлари тенгликни тиклашга уринди, бироқ ҳаракатлар натижа бермади. Жамоанинг бош мураббийи ўйинга кескин ўзгариш киритиш мақсадида захирадан германиялик ҳужумчи Дэви Зельке ҳамда ўзбекистонлик Элдор Шомуродовни майдонга туширишга қарор қилди.
Ўзгаришлар ўз самарасини кўрсатди — сафар ўйинининг сўнги қисмида “Башакшеҳир” кетма-кет уч марта гол урди ва мағлубиятни йирик ғалабага айлантирди – 3:1.
Чағдаш Атан: “Жасорат ва жамоавийлик бизга ғалабани олиб келди”
Учрашувдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида “Башакшеҳир” устози Чағдаш Атан қуйидагиларни таъкидлади:
— Сунъий қопламали майдонда, бунақа муҳитда тўп суриш жуда оғир кечди. Биринчи бўлимда жамоамиз ўйин темпини ушлаб туришга уринди. Дарвозани ишғол қилиш учун бир неча қулай вазиятлар юзага келди, аммо Брнич ва Да Кошта томонидан йўқотилган имкониятлар ҳисобига гол ура олмадик.
Унинг сўзларига кўра, иккинчи бўлимда жамоа анча пассив ҳаракат қилган. Аммо стандарт вазиятларда мустаҳкам ҳимоя қила олган.
— Жисмоний жиҳатдан бақувват футболчилар — Зельке ва Шомуродовни тушириб, бурилиш ясашга ҳаракат қилдик. Кейинроқ уларга Умар Фарук ва Умут ҳам қўшилди. Биринчи бўлимда майдонга тушган Денис Тюрюч эса ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.
— Бугун жамоа ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаракат қилди. Асосий қуролимиз — жасорат бўлди. Хато қилганимиздан сўнг ҳам шижоат билан майдонда қолдик ва ғалаба учун охиригача курашдик, – деди 45 ёшли мутахассис.
Жавоб баҳси олдидан тажриба ва устунлик
Атан таъкидлашича, жавоб учрашуви ҳам осон кечмайди. Аммо жамоа қўлга киритилган устунликни сақлаб қолиш ва кейинги босқичга йўл олишни мақсад қилган.
— Ҳали ҳаммаси тугагани йўқ. Олдинда жуда мураккаб учрашув кутиб турибди. Бироқ биз устунликка эга бўлдик. Жавоб учрашувида ҳам ижобий натижани қўлга киритиб, кейинги босқичга чиқишни истаймиз.
Европа жамоалари Конеренциялар лигасини интизорлик билан кутадиган бўлди. Турнир борган сари қийинлашиб боряпти. Биз аста-секн бўлса-да, олдинга интилишимиз керак. Мақсадларимиз жуда жиддий, - деди 45 ёшли мураббий Чағдаш Атан.
Қувонарлиси, кейинги босқич учрашувларига келиб, жамоа таркибига яқиндагина қўшилган Аббосбек Файзуллаев ҳам тўлиқ ёрдам бера олади. Унинг маҳорати ва ҳаракатчанлиги “Башакшеҳир” учун янги туртки бўлиши кутилмоқда.
Хулоса: “Башакшеҳир” жиддий мақсадлар сари интилмоқда
Европа майдонларида янги мавсумни кучли таркиб ва метин руҳ билан бошлаётган “Башакшеҳир” бир вақтнинг ўзида натижа ва ўйин сифатига эътибор қаратаётган жамоа сифатида танилиб бормоқда. Агар барча футболчилар ушбу шижоатни сақлаб қолса, турк клубини УЕФА Конференциялар лигасида янада ёрқин ўйинлар кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!