date

Япония рингларида фожиа: бир турнирда икки боксчи ҳаётдан кўз юмди

Япония рингларида фожиа: бир турнирда икки боксчи ҳаётдан кўз юмди

Япония бокс жамоатчилигини қаттиқ қайғуга солган мудҳиш воқеа содир бўлди. Токио шаҳрида ўтказилган турнирдан сўнг икки профессионал боксчи — 29 ёшли Хирумаса Уракава ва 28 ёшли Сигетоси Котари ҳаёт билан видолашди. Бу ҳақида Жаҳон бокс ташкилоти (WBO) расмий равишда маълум қилди.

2 август куни бўлиб ўтган беллашувда Хирумаса Уракава саккизинчи раундда ватандоши Эдзи Саитога қарши жанг қилди. Ушбу тўқнашувда у техник нокаут билан мағлубиятга учради. Жанг жараёнида Уракава бошидан оғир жароҳат олган ва шошилинч тарзда шифохонага етказилган. Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун бор имкониятни ишга солишди. Спортчига бош мия ички қон кетиши ташхиси қўйилиб, краниотомия амалиёти ўтказилди. Бироқ, афсуски, оғир жароҳат оқибатларига бардош бера олмаган Уракава 9 август куни вафот этди.

WBO ўз баёнотида:
"Бу ниҳоятда оғир дамларда марҳумнинг оиласи ва яқинларига, шунингдек, Япония бокс ҳамжамиятига чуқур таъзия билдирамиз", — дея билдиришди.

Айни турнирда содир бўлган яна бир фожиа спорт оламини янада қайғуга солди. WBO маълумотига кўра, 28 ёшли Сигетоси Котари ҳам беллашувдан сўнг ҳаётдан кўз юмган. У ўз ватандоши Ямато Хатага қарши Шарқий ва Тинч океани бокс федерациясининг иккинчи енгил вазн тоифасидаги чемпионлик камари учун жанг қилди. 12 раунд давом этган беллашувда ҳакамлар дуранг қарорини чиқарди ва Хата ўз унвонини ҳимоя қилди.

Бироқ жанг давомида Котари бошидан оғир жароҳат олган эди. Беллашувдан кейин у ҳам шифохонага ётқизилиб, жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бир неча кун умид билан курашган шифокорлар афсуски унинг ҳаётини сақлаб қололмади.

Мазкур воқеа Японияда боксда хавфсизлик чораларини яна бир бор муҳокама марказига чиқарди. Мутаҳассислар спортчилар соғлиғини муҳофаза қилиш, жанглардан олдин ва кейинги тиббий текширувларни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлашмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Япония рингларида фожиа: бир турнирда икки боксчи ҳаётдан кўз юмди