date

Вадим Абрамов: Ҳисобда олдинда бориб ҳам ғалабани сақлаб қололмадик

Вадим Абрамов: Ҳисобда олдинда бориб ҳам ғалабани сақлаб қололмадик

Суперлиганинг 18-туридан ўрин олган ва жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган "Динамо" – "Пахтакор" баҳси 1:1 ҳисобида якунига етди. Учрашувдан сўнг "Динамо" бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этиб, ўйин ҳақида ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Тажрибали мураббий аввало натижадан кўнгли тўлмаганини яширмади:
— Афсуски, яна ҳисобда олдинда борган ҳолатимизда ғалабани сақлаб қололмадик. Бунинг учун, шубҳасиз, ўзимиз айбдормиз. Иккинчи таймда ташаббусни рақибга бериб қўйдик, ҳимояда нотўғри ҳаракат қилдик, ярим ҳимояда эса кўплаб камчиликлар кўринди. Гўёки ўрта чизиқсиз ўйнаётгандек бўлдик. Ҳисоб 1:0 бўлганида рақибни қарши ҳужумларда ушлашимиз мумкин эди, аммо аксинча, ўзимиз қарши ҳужумларда ортда қолдик. "Пахтакор"нинг урган голи офсайдга ўхшади, лекин энди буни таъкидлашнинг фойдаси йўқ. Натижада биз қониқтирмайдиган дуранг қайд этдик.

Устоз шогирди Улуғбек Ҳошимовнинг ҳолати ҳақида ҳам тўхталди:
— Ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Эртага текширув натижасини биламиз. Жиддий жароҳат эмас, деб ўйлайман. Эҳтимол, бир-икки ҳафта ўйинларда қатнашолмаса керак.

Мураббийдан жамоанинг уйда ва сафардаги ўйинлари фарқи ҳақида ҳам сўрашди:
— Буни психологик босим деб айта олмайман. Балки уйдаги баҳсларда катта иштиёқ ва ўзимизни кўрсатиш истаги ҳаддан зиёд бўлаётгандир. Шу боис, керакли ўйин услубини унутиб қўяпмиз. Футболни тўғри ўйнаш зарур — шунда натижа ҳам келади.

Қизил карточка мавзусида эса Абрамов очиқчасига ҳайратда эканини билдирди:
— Ростини айтсам, нима рўй берганини тушунмай қолдим. Ҳакамлар ҳатто ВАРга ҳам мурожаат қилмади. Четлатилган футболчимиз одобли ва интизомли ўйинчи, “қизил” оладиганлар қаторига кирмайди. Нима учун майдондан четлатишгани мен учун ҳам сир.

Абдихолиқовнинг голида офсайд бўлгани ҳақидаги саволга жавобан эса шундай деди:
— Менимча, ўйиндан ташқари ҳолат бор эди. Аммо ҳакамлар узоқ ўйлаб, охири голни ҳисоблашди.

Ҳакамлик ҳақида умумий фикри:
— Ҳаммамиз инсонмиз, хатолар бўлади. Бу ҳакамликда ҳам шундай ҳолатлар учради.

Чемпионлик учун кураш ҳақидаги саволга Абрамов қатъий жавоб берди:
— Биз ҳеч қачон курашдан чекинмаймиз. Ҳали олдимизда "Нефтчи" ва "Насаф" билан баҳслар бор. Охиригача ҳаракат қиламиз.

Мухлислар учун бу сўзлар шуни англатадики, “Динамо” ҳали барчасини йўқотмаган ва ҳар бир баҳсда максимал натижа учун майдонга тушади. Қолган учрашувлар чемпионлик интригаcини янада қиздириши шубҳасиз.


Манба: championat.asia

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Вадим Абрамов: Ҳисобда олдинда бориб ҳам ғалабани сақлаб қололмадик