Суперлиганинг 19-туридан ўрин олган баҳсда Самарқанднинг “Динамо” жамоаси кучли рақиб саналган ОКМК устидан 1:0 ҳисобида муҳим ғалабага эришди. Ушбу тўқнашувдан кейин жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.
Абрамов аввало мухлислар олдида сўз бошлади:
— Самарқандда узоқ кутилган ғалабани қўлга киритдик ва бу орқали ишқибозларимизни хурсанд қила олганимиздан мамнунман. Бизга майдонда ва трибунада қўллаб-қувватлаб турган ҳаммага катта раҳмат. Бугун ОКМКдек рақобатбардош ва чемпионат етакчиларидан бирига қарши ўйнадик. Шу боис бу ғалаба икки карра қимматли. Йигитлар катта куч сарфлади, энди эса тезроқ тикланиб, кейинги баҳсга тайёргарлик кўришимиз зарур.
Мураббий рақибнинг кучли жиҳатларига ҳам эътибор қаратди:
— ОКМК охирги дақиқаларда ҳамиша хавфли ўйнайди, уларнинг гол уриб кетиш эҳтимоли катта. Шуни ҳисобга олиб, “иккинчи қават”да яхши ҳаракат қиладиган футболчиларни майдонга туширдик. Хуш, бугун йигитлар ўз вазифаларини бажаришди. Футболчиларга яна бир бор раҳмат.
Абрамов таркибдаги ўзгаришларга ҳам изоҳ берди:
— Биз ҳар ўйин олдидан рақибни пухта ўрганиб, таркибни белгилаймиз. Масалан, асосий дарвозабонимиз унчалик баланд бўйли эмас. ОКМКда бош билан яхши ўйнайдиган футболчилар кўплиги учун бу сафар дарвозага Эдем Немановни қўйдик. Бошқа чизиқларда ҳам шунга ўхшаш ўзгаришлар амалга оширилди.
Матбуот анжуманида инфратузилма ва янги стадион масаласи ҳам кўтарилди:
— Вилоят ҳокимимизга катта раҳмат. “Динамо” учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Ўйлашимча, шу йилнинг ўзида янги базамиз тайёр бўлиб, фойдаланишга топширилади. Ҳаммаси босқичма-босқич амалга ошади.
Мураббий жароҳат олган футболчи ҳақида ҳам тўхталди:
— Улуғбек Ҳошимовнинг тезроқ сафга қайтишига умид қиламиз. Жамоа шифокорлари билан маслаҳатлашиб, “Сўғдиёна”га қарши ўйингача тайёр бўлишини ҳал қиламиз.
Турнир жадвалидаги вазият ҳақида саволга эса Абрамов шундай жавоб берди:
— Майдонда пул ўйнамайди, футболчилар ўйнайди. Албатта, молиявий жиҳатдан кучли жамоалар бор, аммо биз ҳам қўлимиздан келганини қиламиз. Мавсумни “Насаф”га қарши ўйин билан якунлаймиз ва эҳтимол, айнан ўша баҳсда кўп нарса ҳал бўлиши мумкин.
Абрамов стадиондаги муҳит ҳақида ҳам алоҳида фикр билдирди:
— Мухлисларимизни табрикламоқчиман. Бугун стадионда ажойиб муҳит ҳукмронлик қилди. Ишқибозлар 12-ўйинчи каби майдонда жамоага куч қўшишди. Самарқанд мухлислари ҳар доим алоҳида эътиборга лойиқ. Улар бизга доим кўмак бериб туришади, биз эса ўз навбатида улар олдидаги масъулиятни ҳис қиламиз. Шу боис матбуот анжуманини ҳам ўз уйимиздаги узоқ кутилган ғалаба билан бошладим, чунки мухлислар ана шу ҳисни соғиниб қолишганди.
Хулоса қилиб айтганда, “Динамо”нинг ОКМК устидан қозонган ғалабаси нафақат турнир жадвалидаги очколар, балки жамоанинг руҳияти учун ҳам катта аҳамият касб этди. Абрамов ва унинг шогирдлари эса ҳали олдинда муҳим синовлар борлигини яхши англаб, янги марраларга интилишмоқда.
Манба: championat.asia
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!