Чеченистонда дунёга келган ва ҳозирда БАА шарафини ҳимоя қилаётган Ҳамзат Чимаев ЖАР вакили Дрикус Дю Плессис устидан ғалаба қозониб, ўрта вазн тоифасида (84 кг гача) UFC чемпиони унвонини қўлга киритди, деб ёзмоқда Daily.afisha.
Беллашув Чикагода ўтказилган UFC 319 турнирида бўлиб ўтди. Беш раунд давом этган жанг ҳакамлар қарори билан бир овоздан Чимаев фойдасига якунланди — 50-44, 50-44, 50-44.
“Жуда ҳам хурсандман. Дана Уайтдан (UFC президенти — таҳр.) гонораримни кутяпман. Жанг учун алоҳида тактика тайёрламаганман. Фақат олдинга интилдим ва охиригача ҳаракат қилдим. Рақибим ҳақиқий африкалик шер, жуда бақувват жангчи. Уни ҳурмат қиламан”, — деди Чимаев журналистларга.
Маълумот учун, Ҳамзат ёшлигидан оиласи билан Россиядан Швецияга кўчиб ўтган. 2023 йил сентябридан эса Швеция ўрнига БАА номидан жанг қилмоқда.
Умумий ҳисобда, 31 ёшли спортчи ММАда 15 та жанг ўтказган ва уларнинг барчасида ғолиб чиққан. У 2020 йилдан буён UFC октагонида иштирок этиб келмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!