Англия Премьер-лигасида ёзги трансфер ойнаси яна 10 кун давом этади, аммо чемпионат аллақачон янги рекордни ўрнатишга муваффақ бўлди. BBC тарқатган маълумотларга кўра, лига клублари бу давр мобайнида тарихий кўрсаткични қайд этди.
Маълумотларга кўра, АПЛ жамоалари умумий ҳисобда 2,37 миллиард фунт стерлинг сарфлаган. Бу эса аввалги кўрсаткич — 2023 йил ёзида қайд этилган 2,36 миллиард фунтлик рекорддан ҳам ошиб тушди. Яъни, трансферлар бўйича Англия чемпионати яна бир бор Европадаги энг қиммат бозор мақомини мустаҳкамлади.
Рекорд янгиланишига энг сўнгги йирик битимлардан бири сабаб бўлди. Хусусан, “Милан” сафида тўп сурган швейцариялик ҳужумчи Ноа Окафорнинг “Лидс” клубига 18 миллион фунт стерлинг эвазига ўтиши мана шу тўсиқдан ўтишда ҳал қилувчи омил бўлди.
Шу билан бирга, маълум қилинишича, АПЛнинг олти клуби аллақачон ўз тарихий рекордларини янгилаб бўлди. Яъни, улар трансфер харажатлари бўйича ҳозиргача бўлмаган даражада катта маблағ сарфлаган.
Муттахассислар таъкидлашича, ойна ёпилишига ҳали вақт борлиги сабабли, умумий сарфланган маблағ янада ортади ва рекорд яна юқорилаши эҳтимолдан холи эмас.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!