Европа трансфер бозори яна қизғин паллага кирди ва асосий мавзулардан бири Дани Себальоснинг тақдирига айланди. Аввалроқ хабар қилинганидек, француз гранди "Марсель" испаниялик ярим ҳимоячини олиш учун "Реал Мадрид" билан музокара олиб бормоқда. Масала ижара ва кейинчалик мажбурий сотиб олиш ҳуқуқи атрофида айланмоқда.
ESPN тарқатган маълумотларга кўра, мадридликлар Себальоснинг кетиш эҳтимоли билан ҳисоблашмоқда ва шу боис трансфер ойнасининг охирги кунларида ўрта чизиққа янги футболчи олиб келиш ниятида. Бу жараёнлар ўзаро чамбарчас боғлиқ: яъни, "қироллик клуби" дастлаб уни ўрнини босиши мумкин бўлган ўйинчи топишни хоҳлайди, шундан кейингина Себальосни қўйиб юборишга тайёр бўлади.
Журналист Родриго Фаеснинг маълум қилишича, "Реал" Себальос учун аниқ нарх белгилаб қўйган. Агар "Марсель" ёки бошқа клуб уни тўлиқ сотиб олмоқчи бўлса ёхуд ижарадан кейин трансферни амалга оширса, камида 15–20 миллион евро тўлашлари талаб этилади.
Мухлислар орасида эса қизғин мунозара юз бермоқда: Себальос кетса, "Реал" ўйинига қай даражада таъсир кўрсатади? Бир тарафдан, у кўп ҳолларда асосий таркибда майдонга тушмайди, иккинчи томондан эса тажрибали ярим ҳимоячи сифатида чуқур ротацияда муҳим қўл кела олади.
Шу тариқа, Себальоснинг тақдири трансфер ойнаси ёпилиши арафасидаги асосий интригалардан бири бўлиб қолмоқда. "Марсель" ўз сўзини айта оладими ва "Реал" унинг ўрнига кимни олиб келади — бу саволлар яқин кунларда жавобини топиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!