Аргентиналик футбол юлдузи Лионель Месси узоқ кутилган хушхабар билан мухлисларини хурсанд қилди. “Inter Mayami” клуби таркибида фаолият олиб бораётган 38 ёшли ҳужумчи яқинда олган жароҳатидан тўлиқ тузалиб, жамоавий машғулотларга қайта қўшилди. Бу ҳақда клубга яқин манбалардан бири — Inter Miami News Hub нашри хабар берди.
Месси билан бир қаторда, сўнгги ўйинларни жароҳати сабабли ўтказиб юборган испаниялик ҳимоячи Жорди Алба ҳам машғулотларда фаол иштирок этмоқда. Улар 28 август, пайшанба куни бўлиб ўтадиган “Орландо Сити”га қарши Лигалар кубоги ярим финалида майдонга тушишга тўлиқ тайёр.
Эслатиб ўтамиз, Месси жорий мавсумда “Inter Mayami” сафида барча мусобақаларда 25 та учрашувда иштирок этиб, 20 та гол урган ва 10 та голли узатма амалга оширган. Бу кўрсаткичлар футболчининг юқори спорт формасини яққол тасдиқлайди.
Олдинги икки учрашувда жамоасига ёрдам бера олмаган Лионель энди яна сафда. Бу нафақат клуб, балки унинг миллионлаб мухлислари учун ҳам улкан руҳий кўтаринкиликни таъминлайди.
Яқинлашиб келаётган “Орландо Сити”га қарши ўта муҳим баҳсда Мессининг иштирок этиши “Inter Mayami” учун жиддий устунлик бўлиши мумкин. Йўлланмани финалга олиб чиқадиган ушбу ўйинда тажрибали юлдузлардан бири сифатида Месси жамоа мухлислари умидини оқлашга бел боғлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!