“Манчестер Сити”нинг охирги йиллардаги асосий дарвозабони Эдерсон Мораес фаолиятини Туркия чемпионатида давом эттириши мумкин.
Маълумотларга кўра, Бразилия терма жамоаси собиқ посбонига жиддий қизиқиш билдирган “Галатасарой” бир неча марта муваффақиятсиз уринишларига қарамасдан, ўз ниятидан қайтмади. Туркиянинг етакчи клуби Эдерсонни олиш учун таклифини сезиларли даражада оширди.
Таниқли инсайдер Никола Скиранинг маълум қилишича, “Галатасарой”нинг янги таклифи 15 миллион еврога етди. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “шаҳарликлар” турк клубининг 10 миллион евролик таклифини рад этганди.
Истанбул жамоаси Эдерсоннинг ўзига уч йиллик шартнома таклиф қилмоқчи. Бу вақт мобайнида тажрибали посбон 7 миллион евро маош олиши кутилмоқда.
Эдерсон 2017 йилдан буён Хосеп Гвардиола қўл остида “Манчестер Сити” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Англия клуби уни олиб келиш учун “Бенфика”га 40 миллион евро тўлаган эди. Унинг ҳозирги шартномаси эса 2026 йилнинг 30 июнида якун топади.
Шу билан бирга, инсайдерлар таъкидлашича, турк грандининг бу ҳаракати жамоа дарвозасини тажрибали ва юқори даражада ўйнайдиган посбон билан мустаҳкамлаш ниятидан далолат бермоқда. Эдерсон эса ўз карьерасининг янги босқичини Туркияда давом эттириши эҳтимолдан ҳоли эмас.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!