date

Тожиев: "Пахтакор" ҳам кубок, ҳам чемпионатда ғалаба учун курашади

Тожиев: "Пахтакор" ҳам кубок, ҳам чемпионатда ғалаба учун курашади

Ўзбекистон кубоги чорак финалида "Пахтакор" ўз майдонида "Машъал" устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Учрашувдан сўнг мезбонлар бош мураббийи Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.

Ўйин ҳақида
— Биринчи бўлимдаёқ учта гол уриб, асосий устунликни қўлга киритдик. Олдинги учрашувдан кейин бироз чарчоқ бор эди, аммо йигитлар юракдан ҳаракат қилишди. Энг муҳими, вазиятлардан унумли фойдаландик, — деди мураббий.

Пенальти вазияти ҳақида
— Риаскос ва Ҳамдамов ўртасида кичик келишмовчилик бўлди. Бу футболда табиий ҳолат. Бундай эпизодлар вақт-вақти билан юзага келиши мумкин, — деб изоҳ берди Тожиев.

Кубок ёки чемпионат — қайси бири устувор?
— Иккала фронтда ҳам охиригача ҳаракат қиламиз. Кубокда ҳам, Суперлигада ҳам "Пахтакор"нинг асосий мақсади ғалаба, — деди мураббий қатъий тарзда.

Тожиевга қўйилган вазифалар
— "Пахтакор" таркибида 2002 йилда футболчи сифатида ўйнаганман. Бу клубда қайси вақтда келсангиз ҳам, олдингизга доим олий мақсад қўйилади. Бу ҳақда менга алоҳида эслатиш шарт ҳам эмас эди, — деди мураббий.

Сергеевнинг ўйин вақти ҳақида
— Биринчи бўлимда натижа ҳал қилинган бўлса ҳам, Сергеевни узоқ захирага олмадик. Олдинда танаффус бор, кейин эса "Нефтчи" билан муҳим баҳс ва терма жамоа йиғини кутмоқда. Ундан гол киритишда бироз омад йўқолганди. Биз унга ишонамиз ва ишончини тиклаб олиши учун вақт бердик. Бироз майдонда бўлишни ўзи ҳам истади. Кейин эса уни захирага олдик, — дея изоҳ берди Тожиев.

Муттахассис сўзларига кўра, "Пахтакор" ҳар икки мусобақада ҳам максимал натижа учун майдонга тушишни мақсад қилиб қўйган. Мухлислар эса жамоанинг кейинги ўйинларини катта қизиқиш билан кутмоқда.


Манба: championat.asia

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тожиев: "Пахтакор" ҳам кубок, ҳам чемпионатда ғалаба учун курашади