Ёзги трансферлар бозори ёпилишига саноқли кунлар қолган бўлса-да, “Манчестер Сити” сафида янада жиддий ўзгаришлар кузатилмоқда. Клуб таркибидан бир қатор футболчиларга турли жамоалар қизиқиш билдирмоқда ва шу боис раҳбарият харидорлар билан музокаралар олиб бормоқда.
Футбол оламининг машҳур инсайдери Фабрицио Романо тарқатган сўнгги хабарларга кўра, “шаҳарликлар” ўзининг тажрибали марказий ҳимоячиси Мануэль Аканжи билан хайрлашишга қарор қилган. Манбанинг таъкидлашича, клуб “Галатасарой”дан келган 15 миллион фунтлик таклифни қабул қилиб бўлган.
Айни пайтда ҳар икки клуб ҳам швейцариялик футболчининг шахсий қарорини кутиб турибди. Аммо Аканжи ҳали турк клуби таклифини қабул қилишга шошмаяпти. Чунки унинг олдида яна бир жиддий вариант мавжуд — Германия.
Маълумотларга қараганда, “Байер” раҳбарияти “Арсенал”га кетиши кутилган Пьеро Инкапье ўрнини айнан Мануэль Аканжи билан тўлдириш ниятида. Бу эса ҳимоячи учун яна бир йирик чемпионатда ўзини кўрсатиш имконияти бўлиши мумкин.
Аканжининг футбол тарихи Швейцарияда бошланган. У аввало “Винтертур” таркибида шаклланди ва кейин “Базель” шарафини ҳимоя қилди. 2018 йили “Боруссия Дортмунд” уни 21,5 миллион евро эвазига сотиб олган бўлса, тўрт йил ўтиб “Манчестер Сити” деярли шу нарх эвазига уни ўз сафига қўшиб олди.
Ҳозирда 30 ёшни қаршилаган ҳимоячи “Сити” сафида жами 136 та расмий учрашувда майдонга тушган. У нафақат ҳимоядаги вазифаларини бажарган, балки жамоа учун бешта гол уриб, уч марта ассистент сифатида ҳам ёрдам берган.
Шундай қилиб, Аканжининг кейинги манзили Туркиямиди ёки Германия бўладими — бу савол ҳали очиқ қолмоқда. Аммо битта нарса аниқ: “Сити” сафида у қолмаса, жамоа ҳимоя чизиғида катта йўқотишга дуч келади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!