date

Илёс Зейтуллаев мағлубиятдан сўнг: “Бу ўйин мен учун катта дарс бўлди”

Илёс Зейтуллаев мағлубиятдан сўнг: “Бу ўйин мен учун катта дарс бўлди”

Ўзбекистон Кубоги 1/4 финали доирасида “Бунёдкор” ўз майдонида “Бухоро”га қарши баҳс олиб борди ва драматик учрашув 2:4 ҳисобида меҳмонлар фойдасига якунланди. Беллашувдан кейин “Бунёдкор” бош мураббийи Илёс Зейтуллаев матбуот анжуманида ўз фикрларини билдирди.

Учрашув ҳақида

— Аввало, “Бухоро”ни ярим финалга чиққанлиги билан чин дилдан табриклайман. Бугунги мағлубият учун ҳеч кимни айбламоқчи эмасман, танқид ҳам қилмайман. Фақат шуни айтишим мумкинки, бу беллашув мен учун катта сабоқ бўлди. Шундай ўйинлар орқали мураббий сифатида тажриба орттирадиган бўламиз. Йигитларимиз кўп ҳаракат қилишди, ҳатто ҳисобни 2:2 кўринишга келтира олдик. Аммо сўнгги йигирма кун ичида жамоа тўртинчи, бешинчи маротаба майдонга тушди ва чарчоқ ўзини сездирди. Афсуски, ўзимизга хос ўйин услубидан четга чиқиб қолдик. Масъулиятни тўлиқ ўз зиммамга оламан. Шогирдларим эса мен айтганларни бажаришга ҳаракат қилишди. Энди орқага қараб эмас, фақат олдинга интилишимиз шарт, — деди мураббий.

Рақибнинг ўйини ҳақида

— Ростини айтсам, бугун “Бухоро” футболчиларининг кўзларида олов кўпроқ кўринди. Бу футболда бўлиб туради. Шуни эътироф этиш керакки, рақибимиз ҳужумкор ва жонкуяр ўйин кўрсатди. Бироқ бу мағлубият билан ҳаммаси тугаб қолмайди. Футболда ё ғалаба қиласан, ё мағлубиятга учрайсан. Ғалаба бўлса қувонасан, мағлубият бўлса рақибни табриклайсан, — дея қайд этди Зейтуллаев.

Мотивация ва етишмаган жиҳатлар ҳақида

— Ҳисобни 2:2га олиб келганимизда умид пайдо бўлди, ғалабага интилдик. Йигитларимиз чарчаганини айтдим, аммо “Бухоро” ҳам кўп ўйинларда майдонга тушиб келяпти. Буни ҳам тан олиш керак. Шу билан бирга, айрим футболчиларимизда жароҳатлар бор эди, бу ҳам таъсир кўрсатди. Сўнгги пайтларда асосий таркибдаги кўпчилик футболчилар деярли ҳар ўйинда 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилишмоқда. Бу, табиийки, ўз изини қолдирди. Энди озгина дам олиб, Суперлиганинг қолган турларига жиддий эътибор қаратамиз, — дея сўзини якунлади Зейтуллаев.

Мутахассиснинг фикрича, “Бунёдкор” учун бу мағлубият катта дарс сифатида хизмат қилади. Энди эса жамоа асосий эътиборини Суперлига баҳсларига қаратиб, мавсумни муносиб якунлашни мақсад қилмоқда.


Манба: Championat.asia

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Илёс Зейтуллаев мағлубиятдан сўнг: “Бу ўйин мен учун катта дарс бўлди”