Ёзги трансферлар бозорининг сўнгги кунлари тобора қизғин тус олаётган бир пайтда, Мадриднинг машҳур клуби — “Реал” ўз таркибини қайта шакллантириш жараёнини давом эттирмоқда. Жамоа бош мураббийи Хаби Алонсо ишончини қозона олмаган бир қатор футболчилар билан хайрлашиш орқали таркибдаги рақобатни кучайтириш ва янги мавсумга тайёргарликни мустаҳкамлашни мақсад қилган.
Шундай ўйинчилардан бири сифатида ярим ҳимоячи Дани Себальос кун тартибига чиқди. Испаниялик футболчига қизиқиш билдирган “Марсель” билан “қироллик клуби” раҳбарияти музокаралар ўтказди ва келишувга эришганди. Франция клуби уни ижара асосида олиб, кейинчалик 11 миллион еврога сотиб олиш ҳамда тўрт миллион евро миқдорида бонус тўлаш шартларини таклиф этди.
Бу шартлар Мадрид клубига маъқул келди ва “Реал” Себальоснинг кетишига розилик берди. Бироқ жараённинг сўнгги босқичида футболчининг ўзи кескин қарор қабул қилди.
Манбаларнинг маълумотларига кўра, 29 ёшли ярим ҳимоячи Лига 1 чемпионатини ўзи учун етарли даражада қизиқарли деб топмаган. Унинг фикрича, Франция чемпионатига ўтиш футбол карьерасида орқага ташланган қадам бўларди. Шу сабабли у “Марсель”га кўчиб ўтишдан воз кечди.
Натижада, аввалдан келишилган трансфер тўлиқ амалга ошмай қолди. Бу эса “Реал”нинг ёзги трансферлар ойнасида режалаштирган стратегиясига ўзгариш киритишга мажбур қилиши мумкин.
Шундай қилиб, Дани Себальоснинг тақдири ҳозирча очиқ қолмоқда. Унинг “Реал”да қолиши ёки бошқа клубларга йўл олиши масаласи эса яқин кунларда аниқ бўлиши кутилмоқда. Мухлислар эса унинг кейинги қадамларини қизиқиш билан кузатмоқда.