date

«Манчестер Сити»да янги давр: Гюндоған ва Аканжи тақдири савол остида

«Манчестер Сити»да янги давр: Гюндоған ва Аканжи тақдири савол остида

2025–2026 йилги мавсумни «Манчестер Сити» турлича кайфиятларда бошлади — «Вулверхэмптон» устидан қозонилган йирик ғалаба мухлисларни қувонтирган бўлса, ортидан келган «Тоттенхэм»дан олинган аламли мағлубият кўплаб саволларга сабаб бўлди.

Нуфузли нашрлар, жумладан, esteemedkompany.com сайти эксперти Адам Марреттнинг ёзишича, чемпионатнинг дастлабки икки баҳсиёқ жамоада авлодлар алмашинуви жараёни кучайиб бораётганини кўрсатди. Хосеп Гвардиола энди асосан тажрибали юлдузларга эмас, балки иқтидорли ёшларга ишонч билдирмоқда.

Эътиборли жиҳати — жамоанинг йирик юлдузлари Илкай Гюндоған ва Мануэль Аканжи мавсум бошидан бери бирорта учрашувда майдонга туширилмади. «Вулверхэмптон»га қарши беллашувда улар захирада қолдирилган бўлса, «Тоттенхэм» билан ўйин қайдномасига умуман киритилмади.

Масалан, «Вулверхэмптон»га қарши иккинчи бўлимда кўпчилик кутганидек Аканжи эмас, балки ёш истеъдод эгаси Абдуқодир Ҳусанов майдонга туширилди. Ярим ҳимояда эса тажрибали Илкай Гюндоған ўрнига Нико О’Рейли имкониятга эга бўлди.

Бу ҳолат айрим экспертлар томонидан Гюндоған ва Аканжининг тез орада клубни тарк этиши мумкинлиги билан изоҳланмоқда. Чунки уларга Туркиянинг «Галатасарой» клуби анчадан бери қизиқиш билдириб келмоқда. Шунингдек, Sky Sports News нашри «Кристал Пэлас» Аканжини олиш учун «Сити» раҳбариятига мурожаат қилганини ёзса, Италия манбалари Илкай Гюндоғанга бир нечта А Серия клублари таклиф билан чиққанини маълум қилди.

Хосеп Гвардиоланинг ёш ижрочилар — Ҳусанов ва О’Рейлига ишонч билдириши жамоада янги давр бошланганини кўрсатади. Бу эса клубда авлодлар алмашинуви жараёни тезлашаётганидан далолатдир.

«Манчестер Сити»нинг якуний таркиби 1 сентябрда трансферлар ойнаси ёпилгандан сўнг маълум бўлади. Агар Илкай Гюндоған ва Мануэль Аканжи клубни тарк этса, бу мутлақо кутилмаган янгилик ҳисобланмайди. Улар қолган тақдирда ҳам, асосий таркибда мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш эҳтимоли жуда паст. Чунки Гвардиола жамоасида янги босқич бошланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Манчестер Сити»да янги давр: Гюндоған ва Аканжи тақдири савол остида