date

«Башакшеҳир» икки ўзбек легионерини олиб ҳам Европа орзуси ушалмади

«Башакшеҳир» икки ўзбек легионерини олиб ҳам Европа орзуси ушалмади

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг етакчи футболчилари Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев ёзги трансферлар ойнасида Туркиянинг «Истанбул Башакшеҳир» клуби сафига қўшилгани катта қизиқиш уйғотган эди.

Клуб раҳбарияти бош мураббий Чағдаш Атан олдига аниқ вазифа қўйди — Еврокубокларда муносиб иштирок этиш. Шу мақсадда таркибни кучайтириш учун янги трансферларга жиддий маблағ йўналтирилди.

Фақат икки ўзбекистонлик футболчи клуб учун ўн миллион евродан ортиққа тушди. Хусусан, Аббосбек Файзуллаев учун «Башакшеҳир» Москва ЦСКАсига 7,5 миллион евро тўлашга мажбур бўлди. Шунингдек, 21 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи натижасига қараб яна 2,5 миллион евро бонус тўланиши ҳақида манбалар хабар берганди.

Файзуллаев бу сумма билан «Башакшеҳир» тарихидаги энг қиммат харидга айланди. Аввалроқ бу рекорд 4,8 миллион евро эвазига «Алтинорду»дан Ченгиз Ундерни олиб келган трансферга тегишли эди.

Элдор Шомуродов эса «Рома»дан бир йиллик ижарага жалб қилинди. Турк клуби уни келаси ёзда тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқига эга. Агар бу амалга ошса, 3 миллион евролик ижара пули билан Шомуродов ҳам клуб тарихидаги энг йирик трансферлардан бирига айланиши мумкин.

Ёзги ойларда «Башакшеҳир» таркибини яна бир қатор футболчилар билан тўлдирди. Онур Булут 325 минг евро эвазига олиб келинган бўлса, Беркай Аслан учун 150 минг евро сарфланди. Шу билан бирга, Берат Ўздемир («Ал-Иттифоқ»), Дэви Зельке ва Лука Станчич («Гамбург» ҳамда «Бавария»), Нуно да Кошта («Касимпоша») каби ўйинчилар эркин агент сифатида жамоага қўшилди.

Шу тариқа, Чағдаш Атан қўл остидаги янги таркиб Конференциялар Лигаси саралаш босқичида Болгариянинг «Черно Море» ҳамда Норвегиянинг «Викинг» устидан ғалаба қозониб, ишонч уйғотган эди. Аммо энг муҳим паллада, Руминиянинг «Университетя Крайова»си тўсиқ бўлиб чиқди. Икки беллашувда бешта тўп ўтказган «Башакшеҳир» умумий босқичга йўл ола олмади.

Маҳаллий матбуот ёзишича, жамоа Европа мусобақасида барқарор иштирок эта олмаганидан сўнг клуб мутасаддилари муаммо кўпроқ бош мураббий малакасига бориб тақалишини англади.

Туркиядаги нуфузли fotospor.com сайти маълумотича, клуб президенти Гёксел Гюмюшдағ «Крайова»га қарши биринчи учрашувдаёқ янги мураббий топиш масаласини кун тартибига қўйган.

Асосий номзод сифатида Нури Шахин тилга олинмоқда. Манбаларга кўра, «Башакшеҳир» раҳбарияти Шахин билан дастлабки келишувга эришган. Унга икки йиллик шартнома ва бу муддат учун 4 миллион евро маош таклиф этилган.

Шу билан бирга, захира режа сифатида клуб Европа футболида таниқли мутахассислар — Хави, Тиаго Мотта, Марко Роуз ва Эдин Терзич кабиларни ҳам кўриб чиқмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Башакшеҳир» икки ўзбек легионерини олиб ҳам Европа орзуси ушалмади