«Манчестер Сити» фақатгина Англия Премьер-лигаси ва мамлакат ички мусобақаларида эмас, балки Европа Чемпионлар лигасида ҳам бош совринга даъвогар жамоалар қаторида туради.
Хосеп Гвардиола охирги икки трансфер ойнасида таркибни деярли ўзи истаган мезонга етказди, эндиликда эса шогирдларининг курашувчанлик даражаси ва барқарорлигини мунтазам ошириб бориши талаб этилади.
Европа Чемпионлар лигасининг янги мавсуми учун ташланган қуръа «шаҳарликлар»ни умумий босқичда жиддий рақиблар билан рўбарў қилди. Бош соврин учун курашда манчестерликлар Италия, Испания, Германия, Туркия ва Норвегия клублари билан рақобатга киришади.
Рақиблар орасида — «Реал», «Боруссия Дортмунд», «Байер» ва «Наполи»нинг борлиги «Манчестер Сити»нинг йўлини янада оғирлаштиради. Чунки ушбу жамоаларнинг ҳар бири худди «шаҳарликлар»дек Чемпионлар лигасида зафар қучишни асосий мақсад сифатида белгилаган.
Шу билан бирга, «Вильярреал», «Будё-Глимт» ва «Галатасарой» каби рақиблар ҳам исталган пайтда ҳар қандай жамоага кутилмаган сюрприз тақдим эта оладиган клублар сирасига киради.
УЕФА қоидасига мувофиқ, умумий гуруҳ босқичида иштирок этаётган 36 та жамоанинг ҳар бири саккизтадан учрашув ўтказади: тўрттаси ўз уйида, яна тўрттаси эса сафарда.
Босқич якунланганда жадвалнинг юқори саккиз поғонасига жойлашган клублар тўғридан-тўғри 1/8 финалга чиқади. 9–24-ўринлар эгалари икки ўйинлик «ўтиш босқичи»да қатнашади ва унда зафар қучган саккиз жамоа нимчорак финалга йўл олади. Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсум «Манчестер Сити» худди шу босқичда «Реал»га қарши икки ўйин натижасига кўра мусобақани тарк этганди. 25–36-поғонада қолганлар эса ЧЛдаги юришини шу ерда тўхтатади.
Қуйидаги жадвал орқали Гвардиола шогирдларининг учрашувлар жойи ва вақти билан танишинг:
1-тур: «Манчестер Сити» – «Наполи», 18 сентябрь
2-тур: «Монако» – «Манчестер Сити», 1 октябрь
3-тур: «Вильярреал» – «Манчестер Сити», 21 октябрь
4-тур: «Манчестер Сити» – «Боруссия Дортмунд», 5 ноябрь
5-тур: «Манчестер Сити» – «Байер Леверкузен», 25 ноябрь
6-тур: «Реал Мадрид» – «Манчестер Сити», 10 декабрь
7-тур: «Будё-Глимт» – «Манчестер Сити», 20 январь
8-тур: «Манчестер Сити» – «Галатасарой», 28 январь
Ушбу тақвимдан кўриниб турибдики, «Манчестер Сити» учун энг мушкул синов — Мадриддаги учрашув. Олтинчи турдаги «Реал» – «Сити» тўқнашуви қайси босқичда бўлишидан қатъи назар ЧЛнинг марказий баҳси сифатида талқин қилиниши одат тусига кирган.
Қолаверса, ўтган мавсум ҳам шу икки жамоа рўпара келганди. «Сантьяго Бернабеу»даги жавоб учрашувида Абдуқодир Ҳусановнинг мадридликлар юлдузи Винисиус Жуниорга қарши ўйинда кўрсатган ишончли ҳимояси мутахассислар томонидан жуда юқори баҳоланган — бразилиялик юлдуз ўнг қанотда ўзбек ҳимоячисининг қаттиқ қаршилиги сабаб самарали ҳаракатларини амалга ошира олмагани ҳануз ёдларда.
Бундан ташқари, Ҳусанов рақиблар рўйхатидан «Монако»га қарши ўйнаш тажрибасига ҳам эга: 21 ёшли марказий ҳимоячи «Ланс» таркибида Франция чемпионатида монаколикларга қарши майдонга тушганди.
Қисқаси, қуръа мураккаб, мақсад катта: «Сити» ва Ҳусанов учун йирик саҳнада ҳар бир эпизод, ҳар бир стандарт ва ҳар бир сафар ўйини — финалга элтувчи йўлдаги зарур қадамдир.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!