CAFA Nations Cup’нинг иккинчи турида Туркманистонга қарши ўйинда (2:1) гол уриб, муҳим ғалабага ҳисса қўшган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев учрашувдан кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Худога шукр, муҳим ғалабага эришдик. Умуман олганда, ўйинни яхши бошладик. Албатта, майда хато ва камчиликлар бўлди, лекин биринчи бўлимда ўйинни назорат қилдик, ҳисобни очдик, кейин иккинчи голни ҳам киритдик. Аммо иккинчи бўлим бошланиши билан вазият қийинлашди. Қизил карточка олишимиз ишни оғирлаштирди, устига-устак рақиб пенальти ишлаб олди. Шунга қарамай, йигитлар куч-ғайратларини аямай, натижани сақлаб қолишди. Уларга миннатдорчилик билдираман. Энди энг муҳими – тикланиш ва кейинги ўйинга тайёргарлик кўриш, — деди Сергеев.
Унинг сўзларига кўра, дублидан кейин у терма жамоа тарихидаги машҳур футболчилар – Игорь Шквирин ва Одил Аҳмедовдан ҳам кўпроқ гол урган бўлса-да, шахсий рекорд унга асосий мақсад эмас.
— Мен учун шахсий статистика биринчи ўринда турмайди. Албатта, ҳар бир ҳужумчи гол уришни хоҳлайди, аммо бу ерда терма жамоа натижаси муҳим. Агар керак бўлса, гол урмасдан туриб, шеригимга пас беришни афзал кўраман. Чунки асосий вазифа – жамоа манфаати, — дея қўшимча қилди у.
Шунингдек, Сергеев турнир жадвалидаги вазият ҳақида ҳам тўхталди:
— Ҳозирча барча кўрсаткичлар бир хил. Биз ҳам 2:1 ҳисобида ғалаба қозондик, Ўмон ҳам шундай натижа қайд этди. Шундай экан, ҳал қилувчи баҳс Қирғизистонга қарши бўлади. Фақат ютиш эмас, балки кўпроқ гол уришга ҳаракат қиламиз. Биринчи ўрин учун имкониятларимиз бор.
Журналистлар 2019 йилги Осиё кубогида Туркманистон устидан йирик 4:0 ҳисобидаги ғалаба ҳақида эслатишганда, Сергеев жавоб қайтарди:
— Футбол ҳар доим ҳам бир хил натижа бермайди. Бу сафар ҳам биринчи бўлимда 2:0 ҳисобида олдинга чиқдик, аммо қизил карточка вазиятни ўзгартирди. Агар у бўлмаганида, эҳтимол, ҳисоб каттароқ бўларди. Бироқ муҳими ғалаба. Жамоада кўплаб янги ўйинчилар бор, улар ҳали бир-бирига тўлиқ мослашиб улгурмаган. Шунинг учун бундай ўйинларда кураш ва ирода асосий аҳамият касб этади.
Шу тариқа, миллий жамоа ҳужумчиси ўз баёнотида шахсий натижалардан кўра, жамоавий ғалабани устувор қўйишини яна бир бор таъкидлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!