date

Европа ёзги трансфер бозорида рекордлар ва кутилмаган келишувлар

Европа ёзги трансфер бозорида рекордлар ва кутилмаган келишувлар

Европа футболида ёзги трансфер ойнаси ўз ниҳоясига етди. Топ-5 чемпионат жамоалари таркибини кучайтириш учун миллиардлаб маблағлар йўналтирди. Бу жараёнда ҳар доимгидек Англия Премьер-лигаси клублари пешқадам бўлди. Эътиборингизга бу йилги ёзда амалга оширилган энг қиммат трансферларни тақдим этамиз.

Александр Исак: «Нюкасл» → «Ливерпул» (144 млн евро)
Бу трансфер сага қатор кутилмаган воқеалар билан якун топди. «Нюкасл» қанчалик ҳаракат қилмасин, швециялик юлдуз барибир ўз йўлини танлади ва «Ливерпул» сафини тўлдирди. Исакнинг хариди мерсисайдликларга 144 миллион еврога тушди. У янги жамоасида 9-рақам остида майдонга тушиши билан ёздаги энг қиммат трансфер сифатида қайд этилди.

Флориан Вирц: «Байер» → «Ливерпул» (125 млн евро)
Германиялик ёш яримҳимоячи Вирц «Байер»даги муваффақиятларидан сўнг Премьер-лигага йўл олди. Унга «Бавария» ҳам жиддий қизиқиш билдирган бўлса-да, футболчи «Ливерпул» вариантини танлади. Натижада 125 миллион евро эвазига Арне Слот қўл остига келди ва тез орада жамоага мослаша олди.

Уго Экитике: «Айнтрахт» → «Ливерпул» (95 млн евро)
Ёзнинг энг кутилмаган келишувларидан бири. «Нюкасл» ҳам уни қўлга киритиш учун ҳаракат қилганди, аммо охир-оқибат француз ҳужумчи «Ливерпул» сафига қўшилди. 95 миллион евро эвазига амалга ошган ушбу трансфер Экитикенинг дастлабки учрашувлардаёқ голлар ургани билан тўлиқ ўзини оқлади.

Нико Волтемаде: «Штутгарт» → «Нюкасл» (85 млн евро)
«Қарғалар» Исакнинг ўрнини босиш учун салкам икки метрлик йирик ҳужумчи Волтемадени сотиб олишди. Бу келишув клуб тарихидаги энг қимматига айланди — 85 миллион евро ва қўшимча 5 миллион бонус. Ундан Премьер-лигада ҳам, Чемпионлар Лигасида ҳам катта ишонч билан фойдаланиш режалаштирилган.

Бенжамин Шешко: «Лейпциг» → «Манчестер Юнайтед» (76,5 млн евро)
«МЮ» ҳужум чизиғини кучайтириш учун бир неча номзодларга мурожаат қилди, аммо ниҳоят словениялик Шешко билан келишувга эришди. «Лейпциг» етакчисини сақлаб қололмади ва уни 76,5 миллион еврога сотди.

Виктор Осимҳен: «Наполи» → «Галатасарой» (75 млн евро)
Нигериялик форвард ёзда кўплаб клублар эътиборида бўлди. Саудиядан улкан таклифлар, Италия ва Англиядан қизиқишлар бўлди. Бироқ Туркия чемпиони «Галатасарой» тезкор ҳаракат қилиб, уни 75 миллион евро эвазига қўлга киритди. Бу Туркия футболи тарихидаги энг қиммат трансфер сифатида қайд этилди.

Брайан Мбеумо: «Брентфорд» → «Манчестер Юнайтед» (75 млн евро)
Камерунлик тезкор яримҳимоячи ўтган мавсумда «Брентфорд»нинг етакчиси бўлди. Унинг ўйини «МЮ» скаутлари эътиборидан четда қолмади ва узоқ музокаралардан сўнг келишув 75 миллион евро эвазига амалга ошди.

Матеус Куня: «Вулверхэмптон» → «Манчестер Юнайтед» (74,2 млн евро)
Бразилиялик ҳужумчи «Вулверхэмптон»да ёрқин мавсум ўтказганидан сўнг бир неча топ клубларнинг орзусига айланди. «Қизил иблислар» энг яхши таклифни бериб, уни 74,2 миллион еврога сотиб олди.

Луис Диас: «Ливерпул» → «Бавария» (70 млн евро)
Колумбиялик вингер учун «Бавария» ва «Барселона» ўртасида кураш бўлган, аммо охир-оқибат мюнхенликлар ғолиб чиқди. Улар 70 миллион евро сарфлаб, Диасни олиб келишди ва унга икки баробар юқори маош таклиф қилишди. Футболчи қисқа фурсатдаёқ «Бавария»нинг ҳужумдаги етакчиларидан бирига айланди.

Мартин Субименди: «Реал Сосиедад» → «Арсенал» (70 млн евро)
Лондонликлар Испания яримҳимоячисини узоқ музокаралардан сўнг 70 миллион еврога қўлга киритишди. Артета шахсан уни жамоага олиб келишни хоҳлаган ва футболчи ҳам «тўпчилар» таклифини қабул қилди.

 Бу ёздаги трансферлар яна бир бор Англия клублари молиявий устунлигини кўрсатди. Шу билан бирга, Туркия футболи ҳам тарихидаги энг йирик келишувни қайд этди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Европа ёзги трансфер бозорида рекордлар ва кутилмаган келишувлар