- Илк навбатда табрик учун барчага раҳмат айтаман. Ғалаба билан ҳаммани табриклайман. Ҳудога шукур, ғалаба қозондик. Осон ўйин бўлмади. Муҳими керакли натижани қўлга киритдик. Йигитларга ҳам раҳмат айтаман. Чиройли ўйин кўрсатиб беришди.
Отабек Шукуров: - Терма жамоа даражасида осон ўйиннинг ўзи йўқ. Шу сабабли осон ғалаба қўлга киритилди деб ўйламайман. Юзимиз юруғ бўлиб, ғалаба қозондик ва тепага чиқиб олдик. Эронга қарши финал ўйинига жиддий тайёргарлик кўрамиз.
- Ўмонга қарши ўйинда жамоа 4-2-3-1 тактикасида ўйнади. Туркманистон ва Қирғиз Республикаси билан баҳсларда эса эски тактика 3-4-3га қайтилди. Бунинг сабаби нимада?
- Сабаб рақибларда. Айрим рақиблар 2-3 нафар ҳужумчи билан ўйнайди ва бундай ҳолатда биз фақатгина паслар орқали чиқишимиз керак бўлади. Баъзида ортда уч ҳимоячини қолдириш керак бўлади. Биз шуни режа қилгандик. Рақиблар ҳам бизга акс қилиб, шундай тактикада ўйнашди. Албатта, таркибда ҳам ротациялар кўп бўлди. Шу сабабли ҳимояда тартиблироқ ўйнаб, ўз имкониятимизни кутишга ҳаракат қилдик.
- Бугунги учрашувда рақибга ҳеч қандай имконият қолдирилмади. Бугун Сизни қувонтирган жиҳатларни айтиб ўтсангиз.
- Бугун барча футболчи яхши ҳаракат қилди. Шу сабабли кимнидир мақташ ноўрин бўлади. Ҳа, баъзида кимнингдир ўйини чиқмайди. Бундай пайтда бу асосийси эмас. Муҳими ғалаба. Шукурки, 4:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Бундай ҳолатда исталган футболчини эътироф этса бўлади.
- Кечаги машғулотда Абдулла Абдуллаев кўринмади ва бугунги баҳс қайдномасига ҳам киритилмади. У жароҳат олган экан. Футболчининг ҳолати қанақа?
- Эски жароҳат. Бир ой олдин орттириб олган экан. Юклама кўпроқ бўлса сезилар экан. Ўйиндан кейин унда шундай бўлди. Шу сабабли у тикланиш жараёнида. Бир-икки ҳафтада қайтади ва ўз жамоасида ўйнайди. Турниргача келган айрим футболчилар жароҳат билан келди, тикланиш жараёнида қатнашди. Шунда ҳам ротациялар орқали уч ўйинни ҳам ўтказиб олдик ва финалга чиқдик. Бу баҳсга жиддий тайёрланамиз. Чунки бизни қийин ўйин кутиб турибди.
- Эроннинг "CAFA Nations Cup"даги ўйинларини кўрдингизми? Бу терма билан 4 марта дуранг ўйнадик, энди ғалаба қозониш пайти келди. Улар ҳам юқори кайфиятда бу ерга келади. Ушбу терма ҳақида фикрларингиз.
- Эронни яхши таниймиз. Кўп ўйнадик. Бироқ уларнинг ўйинларини кузатмадик. Чунки ўз ўйинларимиз билан овора бўлдик. Кузатмаган бўлсак-да, Эрон қандай ўйнашини биламиз ва шунга яраша тайёргарлик кўрамиз. Ўз уйимиздамиз, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
- Азиз Ғаниев ҳамда Жамшид Искандеров майдонга тушганидан кейин терманинг ҳужумлари кўпайди. Одатда термамиз марказда икки ярим ҳимоячи билан ўйнайди. Футболчи сифатида ёнингизда яна бир ҳужумкор жамоадошингиз бўлса, бу ўйинга қанчалик таъсир ўтказади?
Отабек Шукуров: - Олдинлари икки марказий ярим ҳимоячи бўлганда қийналардик. Чунки тўпни рақибга бериб, қарши ҳужумни кўп ўйлардик. Ҳозир Тимур ака билан 5 ҳимоячилик тактикада ҳам, уч марказий ҳимоячили тактикада ҳам шу борада ишлаяпмиз. Икки-уч хил тактика бўлгани барча футболчилар учун қулай. Рақибга ҳар хил ҳолат бўлгани ҳам яхшироқ. Мураббийлар нима деса, биз шунга яраша ҳаракат қиламиз.
- Октябрь ойида термамиз Малайзияда Уругвайга қарши ўйнайди. Бу ўйин Сизнинг талабингизми ёки ЎФАнинг дастуридаги ўйинми?
- Бизда халқаро бўлим бор ва улар ўйинлар излашади. Таклифлар беришади. Уругвай мавзуси анчадан бери бор эди. Аргентина термаси мавзуси ҳам. Улар билан Хитойда ўйнашимиз керак эди, кейин бу ўзгарди. Улар иш олиб боришади ва бизга вариантлар беришади. Кейин биргаликда қарор чиқарамиз.
- Марказий ҳимоя чизиғи ҳақида сўрамоқчи эдим. Бу позицияга бир қанча яхши футболчилар ҳам чақирилмаяпти. Масалан, Ҳамралиев-Давронов-Алиқулов тандемини ҳам синаб кўрса бўлади. Умуман олганда Ўзбекистонда яхши ҳимоячилар кўпайдими ёки яхши авлод чиқиб қолдими?
- Бу қувонарли ҳолат. Равшан Ҳайдаров термасида ҳам яхши ҳимоячилар бор. Шундай турнирларда уларни ҳам синаб кўрса бўлади. Келажакда бу фойдали бўлади. Ҳимоячи етишмай қолганида бемалол майдонга туширсак бўлади. Мана Ҳусанов турнирда ўйнай олмаяпти. Шундай пайтда бошқа ҳимоячини ўйнатиш керак бўлади. Бундай ҳимоячилар кўп бўлса, уларни тайёрлаб бориш керак. Ҳимоячиларнинг даражаси ёмон эмас, лекин улар ўсишда давом этиши керак.
- Эронга қарши ўйинда икки ҳужумчи билан ўйнаб кўрармиз. Бу уларга сюрприз бўлиши ҳам мумкин.
- Энди айтиб қўйсам сюрприз ҳам бўлмай қолади (кулади). Тайёгарлик кўрамиз ва қараймиз. Бу борада фикрларимиз бор. Барчаси яхши бўлиши керак.
- Жаҳон чемпионатига кўп вақт қолмади. Бу турнир учун аниқ режангиз борми ёки барчасини мураббий номи аниқ бўлганидан кейин тайёргарлик бўладими?
- Ҳозирги аниқ режам CAFA турнири учун эди. Менинг термадаги тақдирим бўйича жавобим йўқ. Вазиятни барча кўриб турибди. Бу ҳақда гапириш жуда қийин. Албатта, барчаси аниқ бўлгунча кутиш керак. Лекин режалар йўқ эмас. Октябрь, ноябрь ойларида йиғинларимиз бор. Кейинчалик нималар бўлишини вақт кўрсатади.
Манба: championat.asia