Ўзбекистон футбол ассоциацияси жаҳондаги машҳур спорт коллекциялари бренди Panini билан муҳим ҳамкорлик келишувига эришди.
Тарихда илк марта Ўзбекистон миллий терма жамоаси Panini'нинг бутун дунёда машҳур бўлган расмий стикер альбомида ўз ўрнига эга бўлади. Бу янгилик нафақат футбол ишқибозлари учун, балки миллий жамоамизнинг халқаро имижини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамият касб этади.
Маълумки, Италияда ташкил этилган Panini компанияси спорт коллекциялари, нашриёт ва савдо карточкалари соҳасида дунёда етакчи ўринни эгаллайди. Компания 1970 йилдан буён ФИФА билан ҳамкорликда мундиалга бағишланган коллекцияларини миллионлаб мухлисларга тақдим қилиб келмоқда. Бугунги кунда Panini ФИФА, УЕФА, NBA, NFL ҳамда дунёнинг кўплаб етакчи клуб ва федерациялари билан узвий ҳамкорлик қилади.
ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳам бу тарихий қадам юртимиз футболи учун улкан қадрият эканини қайд этди:
«Бу ҳамкорлик ўзбек футболи нуфузини мустаҳкамлаш йўлида муҳим воқеа бўлди. Panini альбомига кириш миллий жамоамиз юқори босқичга кўтарилаётганидан далолатдир. Бу бутун жаҳонга Ўзбекистон футболи ўз ўрнини топаётганини намоён қилади», – деди Эрматов.
Эътиборли жиҳати, миллий жамоа Panini билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик йўлга қўйган Марказий Осиёдаги илк терма жамоа сифатида тарихга киради. Йиллар давомида дунё футболи ихлосмандлари томонидан ардоқланган Panini альбоми эндиликда юртимиз шарафини ҳам ифтихор билан ўзида мужассам этади.
Бу ҳамкорлик, шубҳасиз, ўзбек футболи учун янги эшикларни очади ва миллий жамоамизнинг халқаро саҳнадаги нуфузини янада юксалтириши кутилмоқда.
Манба: ЎФА матбуот хизмати
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!