Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Азиз Турғунбоев Эрон билан финал олдидан оммавий ахборот воситаларига интервью берди ва ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, жамоада кайфият юқори, тайёргарлик эса самарали ўтмоқда.
«Биз жамоа сифатида финалга жиддий тайёргарлик кўрмоқдамиз. Руҳият жуда ҳам яхши. Олдимизда муҳим вазифа турибди – Эронни мағлуб этиб, аввалги ўйинларда қолган аламни чиқариш фурсатимиз етди. Мухлисларимизга муносиб ғалаба бахш этиш ниятдамиз», – дея таъкидлади Турғунбоев.
– Ўтган баҳсда гол урдингиз...
– Ўша учрашув биз учун жуда самарали ўтди. Машғулотлар жараёнида ҳам кўпроқ гол уришга эътибор қаратгандик. Мақсадимиз финалга чиқиш эди ва биз бу натижага голлар ҳисоби билан эришдик. Барча ҳамюртларимизни ғалаба билан табриклайман.
– «Пахтакор»да чап қанот ҳимоячиси сифатида ҳам ўйнагансиз. Терма жамоада эса ўнг қанотда ҳаракат қиляпсиз. Мумкинки, Тимур Кападзе сизни ҳужумчи сифатида ҳам қўлласин?
– «Пахтакор»да чап қанотда тўп суришимга сабаб – асосий футболчи жароҳат олгани эди. Аслида мен учун энг қулай позиция – ҳужум ёки ярим ҳимоя чизиғи.
– Сиз учун қайси тактик қурилиш афзал – уч ҳимоячими ёки тўрт?
– Бу масала мураббий ихтиёрида. Лекин айтиш мумкинки, ҳар икки тизимда ҳам яхши ҳаракат қиляпмиз ва ўйинимизда самара кўринаётганини айтсам муболаға бўлмайди.
– Жалолиддин Машарипов сафда йўқ. Жамоада руҳий кайфиятни ким кўтармоқда?
– Жалолиддин Машарипов машғулотларга шахсан келиб, бизга қўллаб-қувватлов кўрсатиб турибди. Шу билан бирга, Шомуродов ва Файзуллаев бор. Ҳозир жамоада барчанинг кайфияти аъло даражада, финалга тўлиқ тайёрмиз.
– Охирги ўйинларда Эрон билан кўп бор дуранг қайд этиляпти. Агар яна шундай бўлса, пенальти серияси учун режа борми?
– Албатта, бу борада тайёргарлик бор. Лекин асосий ниятимиз – ўйиннинг асосий вақтидаёқ рақибни енгиб, ғалабани таъминлаш.
Шу тариқа, Азиз Турғунбоевнинг қатъий ва ишончли баёнотлари жамоанинг руҳияти юқори эканини кўрсатиб турибди. Ўзбекистон терма жамоаси эртанги финал олдидан мухлисларни қувонтирадиган натижа кўрсатиш ниятида.
Манба: Championat.asia
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!