date

Ливерпулдаги жаҳон чемпионатида боксчиларимиз 7 ғалабага эришди

Ливерпулдаги жаҳон чемпионатида боксчиларимиз 7 ғалабага эришди

Англиянинг Ливерпул шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасидаги 2025 йилги жаҳон чемпионати қизғин тарзда давом этмоқда. 8 сентябр оқшомида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган етти нафар боксчимиз рингга кўтарилиб, барчаси ўз жангларини ғалаба билан якунлади.

Куннинг дастлабки жанги -54 кг вазнда бўлиб ўтди. Нигина Ўктамова венгриялик Анна Лакотар устидан 5:0 ҳисобида ишончли зафар қучиб, чоракфинал йўлланмасига эга чиқди. Энди у 10 сентябрда ярим финал учун баҳс олиб боради.

Ўктамовадан кейин рингга чиққан Навбаҳор Ҳамидова (-65 кг) белгиялик Ошин Дериеувни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Шу тариқа, яна бир боксчи қизимиз чорак финалга чиқди.

Шавкатжон Болтаев ҳам кучли рақобатга тўла жангда испаниялик Бернад Мартинезни 3:0 ҳисобида ортда қолдирди. Кейинчалик, Тўрабек Хабибуллаев (-90 кг) грек спортчиси Вагкан Нанитзанианни 5:0 ҳисобида енгиб, навбатдаги босқичга йўл олди. У энди қозоғистонлик Сағиндик Тоғамбайга қарши баҳс олиб боради.

Олимпиада чемпиони Абдумалик Халоков (-60 кг) эса италиялик Жузеппе Каноникога қарши жангда устунлик қилиб, финал сари қадам ташлади.

Шунингдек, -75 кг вазнда Фазлиддин Эркинбоев туркиялик Султан Османлини 5:0 ҳисобида мағлуб этди ва чорак финалга чиқди.

Оқшомнинг сўнгги жангларидан бирида Жаҳонгир Зокиров (+90 кг) германиялик Никита Путиловга қарши рингга чиқиб, рақибидан устунлигини намойиш этди.

Шу тариқа, душанба кунги баҳсларда юртимиз шарафини ҳимоя қилган барча етти боксчи 7 ғалаба билан мухлисларимизни хурсанд қилди.

Эслатиб ўтамиз, 7 сентябрдаги жангларда ҳам вакилларимиз фақат ғалаба қайд этганди.

Маълумот учун, World Boxing шафелигида илк бор ташкил этилган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 68 давлатдан 554 нафар боксчи иштирок этмоқда. Улардан 329 нафари эркаклар, 225 таси эса аёллар ҳисобланади. Турнир 4 сентябрда старт олган бўлиб, 14 сентябр куни ўз якунига етади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ливерпулдаги жаҳон чемпионатида боксчиларимиз 7 ғалабага эришди