CAFA Nations Cup финалида мағлубиятга учраган Эрон миллий терма жамоаси мураббийлар штаби вакили Андраник Теймурян беллашувдан кейин сайтимизга интервью берди. У ўйиндаги ҳакамлик қарорлари ҳақида кескин фикр билдирди.
"Менинг назаримда, бош ҳакамнинг қарори деярли ҳар сафар фақат Эрон терма жамоаси зарарига ишлади. Нега бундай ҳолат рўй берганини англай олмадим. Ўйин давомида жуда кўп хатоларга гувоҳ бўлдим. VAR тизими ҳам бир неча марта аралашди. Масалан, Ўзбекистон терма жамоаси футболчисига қизил карточка кўрсатилди, аммо VAR текширувидан сўнг бу қарор бекор қилинди. Бу ҳолат мени ҳайратга солди. Шу билан бирга, Қирғизистон ҳам ҳакамликдан жабр кўргани ҳақида мисол келтириш мумкин.
Ростини айтсам, бундай жараёнлар қандай қилиб юз бераётганини ва қизил карточканинг нима асосда кўрсатилганини ҳам тушунмадим", – деди Теймурян.
Шу билан бирга, у Эрон терма жамоасининг кейинги режалари ҳақида ҳам маълумот берди:
"Октябрь ва ноябрь ойларида бир нечта ўртоқлик учрашувларини ўтказамиз. Ушбу беллашувлар биз учун муҳим аҳамият касб этади. Шу орқали жамоа бир оз синовдан ўтиб, кейинчалик Жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнини кучайтиришни режалаштирганмиз", – деб қўшимча қилди мураббийлар штаби вакили.
Андраник Теймуряннинг сўзларидан кўриниб турибдики, Эрон терма жамоаси ҳакам қарорларидан жиддий норози бўлган. Шу билан бирга, уларнинг асосий мақсади – Жаҳон чемпионатига муносиб тайёргарлик кўриш эканлиги таъкидланди.
Интервьюни Абдулвосит Бектемиров олиб борди.
Манба: championat.asia
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!