date

Темур Кападзе: “Миш-мишлардан чарчадим, қарорлар тартибли бўлсин”

Темур Кападзе: “Миш-мишлардан чарчадим, қарорлар тартибли бўлсин”

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мураббийи Темур Кападзе кеча “Футбол+” подкастида меҳмон бўлиб, охирги вақтларда хорижлик мураббий олиб келиниши ҳақида тарқалаётган хабарлар ва атрофдаги муҳокамаларга ўз муносабатини билдирди.

Кападзенинг сўзларига кўра, у ҳеч қачон жамоага топ мураббий келишига қарши эмас. Аксинча, бу ҳолат унинг тажрибасини ошириши ва ўрганишлари учун янги имконият бўлиши мумкин. Шу билан бирга, у керак бўлса ёрдам беришга ҳам тайёрлигини таъкидлади. Бироқ, бу жараён тартибли ва очиқ ўтса мақсадга мувофиқ бўлишини айтди.

“Агар юқори тажрибали мураббий таклиф этилса, мен бунга қарши бўлмайман. Менда ҳали ўрганадиган кўп нарсалар бор. Шунга қарамасдан, қўлдан келганича ёрдам қиламан. Аммо бу иш тартибли тарзда амалга ошиши лозим. Масалан, аввало йиғилиш ўтказилиб, жаҳон чемпионати тажрибасига эга мураббий олиб келинади, Темур ҳам штабда қолади, дейишса, барча учун ҳамма нарса аниқ бўларди. Атрофдаги турли гап-сўзлар ҳам шунча кўпаймасди”, – деди мураббий.

Унинг айтишича, федерация бу масалада узоқ вақт жим қолди ва бу ҳолат уни қийнаган. “Мен учун асосий вазифа — йигитларни турнирга тайёрлаш эди. Аммо ўзим ҳам нима бўлаётганини билмай қолдим. Ростини айтсам, атрофдаги шов-шув ва миш-мишлардан чарчадим”, – дея қўшимча қилди Кападзе.

Шу тариқа, миллий жамоа бош мураббийи очиқлик ва аниқлик тарафдори эканини кўрсатди. Унинг фикрича, раҳбариятнинг ошкора ва тартибли қарорлари ҳам футболчилар, ҳам мураббийлар учун ишонч ва хотиржамликни таъминлайди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Темур Кападзе: “Миш-мишлардан чарчадим, қарорлар тартибли бўлсин”