Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти, ФИФА собиқ ҳаками Равшан Эрматов яқинда фойдаланишга топширилган миллий футбол марказида ОАВ ва блогерлар учун пресс-тур уюштирди. Унда у CAFA-2025 финали доирасидаги Ўзбекистон – Эрон (1:0) баҳсида қайд этилган айрим вазиятлар юзасидан ўз изоҳларини берди.
Юсуфийнинг майдондан четлатилиши ҳақида
Эрматов аввал Аббосбек Файзуллаевга қарши қўпол ҳаракат учун эронлик Ориё Юсуфийнинг ўйиндан олиб чиқилгани ҳақида тўхталиб ўтди:
— Нега эронлик футболчи тўпсиз ҳолатда Аббоснинг оёғига ҳаракат қилмоқда? Агар тўп шу оёқда бўлганида, яна бир гап эди. Бу ҳолатда эса орқа томондан жароҳат олиш хавфи юқори. Бу 1-дақиқада бўладими ёки 90-дақиқада – ҳеч қандай фарқи йўқ. Албатта, баъзан ўйиннинг бошида юмшатиш мумкин бўлган ҳолатлар учрайди, лекин бу ҳолат унга кирмайди. Чунки бу ҳолатда футболчини синдириб қўйиш мумкин. Агар ҳакам буни кўрмасдан ўтса, кейинги дақиқаларда яна шундай ҳаракатлар кўпайиши эҳтимолдан холи эмас.
Эронга берилган пеналти бекор қилиниши ҳақида
ЎФА расмийси қирғизистонлик бош ҳакамнинг Эрон фойдасига белгилаган пеналтиси ВАР томонидан нега қайта кўриб чиқилганини ҳам изоҳлади:
— Тўп дарвозабон томонга эмас, бошқа тарафга узатилганди. Шу вазиятда эса ҳужумчи оёғини тўғридан-тўғри дарвозабон оёқлари остига ташлади. Бу ҳаракат пеналти ишлаш учун қилингани кўриниб турибди. Агар тўп ҳақиқатан дарвозабон томонга йўналтирилганида, футболчи ҳам шу йўналишда ҳаракат қиларди. Бу эса футболдаги энг салбий ҳолатлардан бири — симуляция. Яъни, алдаш ва сунъий равишда пеналти ишлаб олиш. Кўпчилик буни ҳакам Ўзбекистонга ён босди, деб ўйлади. Лекин ҳушёрлик билан ВАР вазиятни тўғрилади. Агар ВАР бўлмаганида, натижа мутлақо бошқача бўлиши мумкин эди.
Алижоновнинг “қизил карточка” вазияти ҳақида
Шунингдек, Эрматов Ҳожиакбар Алижоновнинг Меҳди Торемийга қарши ҳаракати аввал “қизил карточка” деб топилиб, кейин ВАР орқали бекор қилинганига ҳам тўхталиб ўтди:
— Бу каби вазиятларни баҳолашда тўртта асосий мезон бор. “Қизил карточка” учун тўртала мезонга ҳам мос келиш керак. Аммо ўша ҳолатда ҳимоячи Акмал Мозговой рақибга халақит бериши мумкин эди. Шунинг учун бош ҳакамнинг тўғридан-тўғри “қизил” кўрсатиши нотўғри қарор бўлди. Трибуналарда ўтириб кўрган пайтимдаёқ бу вазият четлатишга тортмаслигини айтгандим. ВАР орқали битта қайта кўришнинг ўзи етарли бўлди.
Финал ҳақида қўшимча маълумот
Маълумот учун, CAFA-2025 финалида қирғизистонлик ҳакам Нурзатбек Абдуқодиров бош ҳакам сифатида хизмат қилди. ВАР ҳаками ва унинг ёрдамчилари сифатида эса тожикистонлик Саъдулло Гулмуроди ҳамда Исмоил Нуралиев ишлади.
Эслатиб ўтамиз, ўйиннинг 105+4-дақиқасида Элдор Шомуродов пеналтидан гол ура олмаганди. Бироқ 119-дақиқада Ҳожиакбар Алижоновнинг голи Ўзбекистон терма жамоасига 13 йиллик танаффусдан кейин Эрон устидан илк ғалабани тақдим этди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!