Европанинг етакчи чемпионатлари халқаро танаффусдан кейин яна қизғин ўйинлар билан старт олмоқда. Англия Премьер-лигасида тўртинчи турнинг энг кутилган ва шиддатли беллашувларидан бири, албатта, Манчестер дербиси ҳисобланади. Бу баҳсда барча футбол ишқибозлари “Манчестер Сити” ҳамда “Манчестер Юнайтед”нинг тўқнашувини катта қизиқиш билан кузатишмоқда.
Бироқ дерби олдидан Хосеп Гвардиола жамоаси жиддий йўқотишларга дуч келди. Сўнгги маълумотларга кўра, “шаҳарликлар” таркибида бир вақтнинг ўзида 13 нафар футболчи турли жароҳатлар туфайли сафдан чиққани маълум қилинди.
Жумладан, “Брайтон”га қарши ўйинда шикаст олиб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғинига қўшила олмаган Абдуқодир Ҳусанов ҳам ҳозирги кунгача даволаниш жараёнида.
Матбуот анжуманида Пеп Гвардиола дербида қайси ўйинчилар ёрдам беролмаслигини ошкор қилди:
– Умар Мармуш Миср терма жамоасидан жароҳат билан қайтадиган бўлди. Шунингдек, Райан Айт-Нури ва Райан Шерки ҳам олдимизда турган муҳим баҳсда иштирок этолмайди. Марказий ҳимоячимиз Жон Стоунзнинг ҳам майдонга тушиш имконияти жуда кам, аммо унинг жароҳати унчалик оғир эмас.
Шу билан бирга, Гвардиола қолган футболчиларнинг барчаси соғлом эканини маълум қилди. У айниқса Мармуш ҳолати бўйича тиббий текширув натижаларини кутмоқда.
– Менимча, Умарнинг тўлиқ тикланиши учун бир неча ҳафта талаб қилинади. У кейинги халқаро танаффусгача сафга қайтиб улгуриши кутиляпти, – деди “Сити” устози.
Шунингдек, Пеп Гвардиола "Манчестер Юнайтед"га қарши ўйин олдидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Қўшимчв тарзда "Менинг ихтиёримда 16 нафар соғлом футболчи бор. Бундай ҳолатда танлаш анча осон. Менда 26 нафар футболчи йўқ", - деди "шаҳарликлар" устози.
Манчестер дербиси доимий равишда шиддат ва драматизмга тўла бўлгани учун, таркибдаги бу йўқотишлар “шаҳарликлар” учун жиддий синовга айланиши табиий. Аммо мухлислар Гвардиола қўл остидаги жамоа янада жипслашиб, дербини юқори даражада ўтказишига ишонишмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!