Саудия Арабистони чемпионатида ўтган мавсумнинг энг яхши тўпурари деб топилган «Ал Насср» юлдузи Криштиану Роналду яна бир бор юксак совринга эга чиқди. Португалиялик ҳужумчи 2024/2025 йилги мавсум учун «Олтин бутса»ни қўлга киритди.
Клуб матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, «Ал Насср» сардорига мукофотни клуб афсонаси, тарихдаги энг кўп гол урган футболчи Мажид Абдулла шахсан топширди. Бу эса маросимга янада ўзига хос аҳамият бағишлади.
Эътиборли жиҳати, 40 ёшли Криштиану Роналду бу совринга қаторасига иккинчи йил сазовор бўлди. Ушбу натижа нафақат унинг маҳорат ва профессионаллигидан далолат, балки ҳали ҳам юқори чўққиларда эканини кўрсатиб турибди.
Ўтган мавсумда тажрибали форвард Саудия чемпионати доирасида 30 та учрашувда иштирок этиб, 25 бор рақиб дарвозасини ишғол қилди ва 3 та голли пас узатишга муваффақ бўлди.
Криштиану 2023 йилдан буён «Ал Насср» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Ҳужумчи клуб билан тузган шартномасига кўра, камида 2027 йилга қадар жамоа сафида тўп суриши кутилмоқда.
Мухлислар ва футбол экспертлари Роналдунинг Саудиядаги иштирокини нафақат чемпионатнинг, балки бутун минтақанинг обрўсини кўтариб турган муҳим омил сифатида баҳолашмоқда.