Туркия Суперлигаси клуби “Истанбул Башакшеҳир” ўзининг янги бош мураббийи сифатида Нури Шаҳин билан 3 йиллик келишувга эришганини расмий равишда маълум қилди.
Клуб матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, шартнома имзолаш маросими расмий матбуот залида бўлиб ўтган. Унда клуб президенти Göksel Gümüşdağ ҳам иштирок этди ва янги мураббийга катта ишонч билдирди.
Нури Шаҳин илгари ҳам Туркия футболида муҳим шахслардан бири сифатида танилган ва энди “Башакшеҳир”нинг асосий стратегияси ва тактик режасини белгилаб бериш вазифаси унга топширилди.
Айни пайтда “Башакшеҳир” таркибида ўзбекистонлик футболчилар — Аббосбек Файзуллаев ва Элдор Шомуродов ҳам тўп суришмоқда. Хусусан, Шомуродов жамоа сафидаги илк голини ўтган турда “Бешиктош” дарвозасига йўллаб, мухлислар олқишига сазовор бўлган эди.
Кутилишича, Нури Шаҳиннинг клубдаги фаолияти нафақат турнир жадвалида юқори ўринларни кўзлаш, балки ёш футболчиларни ривожлантириш ва жамоа ўйинига янги руҳ бағишлашга қаратилган бўлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!