Шомуродов Трабзон синовида: Сиз билишингиз керак бўлган 10 та факт...

Туркия Суперлигасининг иккинчи тури марказий учрашувларидан бирига мезбонлик қилади. Ҳамюртларимиз Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев тўп сураётган Истанбулнинг “Башакшеҳир” клуби мамлакатнинг энг номдор ва кучли жамоаларидан бири — “Трабзонспор” меҳмони бўлади.
Ушбу принципиал баҳс олдидан Туркиянинг нуфузли спорт нашрларидан бири — sporx.com сайти ўйин тақдирига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган энг муҳим 10 та статистик фактни эълон қилди. Ушбу маълумотлар Трабзондаги бўлажак жанг қай даражада муросасиз ва кутилмаган натижаларга бой бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Сиз азиз футбол ишқибозлари учун ушбу 10 та энг муҳим фактни тақдим этамиз:
1. Шомуродовнинг меҳмондаги «сукути»
“Истанбул Башакшеҳир” ҳужумчиси ва Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов ўтган мавсумдан буён Суперлиганинг энг яхши тўпурарларидан бири ҳисобланади. Бироқ статистик маълумотлар унинг меҳмондаги самарадорлиги пастлигини кўрсатмоқда. Элдор сўнгги урган 7 та голининг фақат биттасини сафар ўйинида нишонлаган (2026 йил май ойида “Газиантеп” дарвозасига). Бўлажак баҳсда Шомуродов бу нохуш анъанага барҳам бериши керак бўлади.
2. Онуачу “Башакшеҳир” учун ҳақиқий «бошоғриқ»
“Трабзонспор” ҳужумчиси Пол Онуачу Истанбул клубига қарши ўйинларда алоҳида маҳсулдорлик намойиш этмоқда. У Суперлига доирасида “Башакшеҳир”га қарши ўтказилган тўртта учрашувнинг учтасида самарали ҳаракат қилган ва ўз ҳисобига 2 та гол ҳамда 1 та голли узатма ёздириб қўйган.
3. Савиоло клуб тарихига кириш арафасида
Мезбонларнинг янги аъзоси Ноа Савиоло тарихий натижани такрорлашни мақсад қилган. У 2000/01 мавсумидан буён “Трабзонспор” сафида Суперлигадаги дастлабки икки ўйинида ҳам гол урган иккинчи хорижлик футболчи бўлиши мумкин. Бунгача бундай натижага фақат Пол Онуачу эришган.
4. Мавсумни меҳмонда бошлаш — “Башакшеҳир” учун даҳшат
Статистика истанбулликларнинг сафар ўйинларини мавсум бошида жуда ёмон ўтказишини тасдиқламоқда. “Истанбул Башакшеҳир” 2016/17 мавсумидан буён Суперлигада мавсумни меҳмонда бошлаган тўққизта ҳолатнинг бирортасида ҳам ғалаба қозона олмаган (2 та дуранг ва 7 та мағлубият).
5. “Трабзонспор” — ўз уйининг «қироли»
Мезбонлар мавсумни ўз майдонида бошлаш борасида ажойиб кўрсаткичга эга. “Трабзонспор” Суперлигада сўнгги 14 мавсумнинг 11 тасида ўз майдонидаги биринчи учрашувда ғалаба қозонган. Ушбу даврдаги ягона мағлубият 2020 йил сентябрь ойида “Бешиктош”дан қабул қилиб олинган.
6. “Башакшеҳир” тарихий стартни такрорламоқчи
Жорий мавсумнинг биринчи турида “Кожаэлиспор”ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратган “Башакшеҳир” Трабзонда ҳам зафар қучиб, мавсумни иккита ғалаба билан бошлашни мақсад қилган. Жамоа охирги марта бундай натижага 10 мавсум олдин — 2016/17 мавсумида эришган эди.
7. Трабзонда Истанбул клубларига «нон йўқ»
“Трабзонспор” ўз майдонида Истанбул жамоаларига қарши ўта муваффақиятли ўйинлар сериясини давом эттирмоқда. Мезбонлар Суперлигадаги сўнгги 13 та учрашувнинг фақат биттасида мағлуб бўлишган (8 та ғалаба ва 4 та дуранг). Ягона мағлубият 2026 йил февраль ойида “Фенербаҳче”дан (2:3) қабул қилинган.
8. Беш ўйинлик ғалабасиз серия
“Истанбул Башакшеҳир” учун Трабзон сафари доимо оғир кечмоқда. Жамоа Суперлигада “Трабзонспор” майдонидаги сўнгги бешта ўйиннинг бирортасида ҳам ғалаба қозона олмаган (3 та дуранг ва 2 та мағлубият). Бугун меҳмонлар ушбу қора серияга чек қўйишга ҳаракат қиладилар.
9. “Трабзонспор” учун энг ноқулай меҳмон
Гарчи Трабзон стадиони “Башакшеҳир” учун ноқулай бўлса-да, ўзаро ўйинлар тарихи бу баҳслар мезбонлар учун ҳам осон кечмаслигини кўрсатмоқда. “Трабзонспор” Суперлига тарихида ўз майдонида камида икки марта қабул қилган жамоалар орасида уйдаги ғалабалар бўйича энг паст кўрсаткични айнан “Башакшеҳир”га қарши учрашувларда қайд этган (18 та ўйинда 6 та ғалаба — 33 фоиз).
10. Олти ўйинлик мағлубиятсиз серия
Умумий статистика “Трабзонспор”нинг сўнгги пайтлардаги сезиларли устунлигини кўрсатмоқда. Жамоа Суперлигада “Истанбул Башакшеҳир”га қарши сўнгги олтита учрашувнинг бирортасида ҳам мағлуб бўлмаган (4 та ғалаба ва 2 та дуранг). Истанбулликлар охирги марта 2022/23 мавсумида Трабзон клуби устидан ғалаба қозонишган.
Қисқача хулоса
Келтирилган фактлар ва статистика “Трабзонспор”нинг умумий устунлигини кўрсатмоқда. Айниқса, Истанбул жамоаларига қарши муваффақиятли серия ва “Башакшеҳир”нинг Трабзондаги ғалабасиз ўйинлари мезбонлар фойдасига ишлайди.
Бироқ, “Башакшеҳир”нинг Трабзонда мезбонлар учун энг ноқулай рақиблардан бири экани ва тарихан бу баҳслар доимо мувозанатли кечгани кутилмаган натижаларга умид беради. Элдор Шомуродовнинг меҳмондаги голлар самарадорлиги пастлиги “Башакшеҳир” учун алоҳида муаммо бўлиши мумкин, аммо ўзбек ҳужумчиси айнан шундай муҳим баҳсда ўз сўзини айтиши ва жамоасига ғалаба келтириши мумкин. Аббосбек Файзуллаевнинг креатив ўйини ҳам меҳмонлар ҳужуми учун жуда муҳим бўлади.
Бўлажак баҳс ҳақиқий футбол байрами ва икки кучли жамоанинг муросасиз жангига айланиши шубҳасиз.































Изоҳлар 0
…