Айрим ижтимоий тармоқларда яқин кунларда “Барселона”нинг собиқ ҳимоячиси Эрик Абидаль вафот этгани ҳақида асоссиз маълумотлар тарқалди. Бу хабарлар кўплаб мухлисларни ташвишга солди.
Бироқ 11 сентябрда 46 ёшини нишонлаган француз футбол афсонаси шахсан ўзи бу миш-мишларга изоҳ берди. У ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали шундай ёзди:
— Баъзи гап-сўзлар аслида умуман бўлмаслиги керак. Мен ҳозир шу ердаман, оилам билан бирга яшаяпман ва барчаси жойида. Ҳурмат – барча нарсанинг калити. Мен тирикман ва соғ-саломатман. Мени қўллаб-қувватлаётганларнинг барчасига миннатдорлик билдираман. Келинг, бор диққатимизни ҳақиқатан муҳим бўлган ишларга қаратайлик.
Эслатиб ўтамиз, 2011 йили Эрик Абидаль оғир касалликка дучор бўлган эди ва ўша пайтда унга донор жигари кўчириб ўтказилган. Шунингдек, футболчи ўзининг матонати ва сабр-тоқати билан миллионлаб мухлисларга намуна бўлган.
Абидалнинг профессионал фаолияти 1999 йилдан 2014 йилгача давом этган. У бу давр мобайнида Франциянинг “Лилль”, “Лион”, “Монако” клубларида, шунингдек, Грециянинг “Олимпиакос” жамоасида тўп тепган. Аммо унинг энг ёрқин саҳифалари “Барселона” сафида ўтди. Каталония клуби билан бир қатор йирик совринларни қўлга киритган Абидаль мухлислар қалбида алоҳида ўрин эгаллайди.
Шу тариқа, собиқ футболчи ҳақида тарқалган асоссиз хабарлар яна бир бор рад этилди. Абидальнинг ўзи эса соғ-саломат эканини билдириб, мухлислардан ортиқча хавотир олмасликни сўради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!