“Аркадаг” – “Андижон” (0:0) баҳсидан кейинги матбуот анжуманида “Андижон” клуби бош мураббийи Максим Шацких ҳамда ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган Дониёр Абдуманнопов журналистлар саволларига жавоб беришди.
Бош мураббий Максим Шацких ўз фикрларини қуйидагича билдирди:
“Барчага хайрли кеч. Аввало, йўлни узоқ босиб келиб, бизга руҳий қувват берган мухлисларимизга алоҳида миннатдорлик билдираман. Менимча, бу беллашувни фақатгина стадиондагилар эмас, балки бутун Андижон ва юртимиз аҳли томоша қилди. Беллашув ҳақида гапирадиган бўлсам, учрашувдан кейин йигитларга миннатдорчилик айтдим. Уларга берилган кўрсатмаларни бажаришди, имкониятлар яратишди, майдонда фаол ҳаракат қилишди. Энг муҳими, истак ва иродани кўрсата олишди. Шуни ҳам эслатиб ўтмоқчиманки, биз Туркманистон миллий жамоаси ўйнайдиган жойда меҳмон сифатида тўп сурдик, бу жиҳатни унутмаслик керак. Натижада биринчи очкомизни олдик ва бунга муносиб эдик”.
Беллашув қаҳрамонларидан бири, ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилган Дониёр Абдуманнопов эса шундай деди:
“Беллашув биз кутгандек кечди. Мураббий кўрсатмаларини аниқ бажардик. Барча жамоадошларимга ва майдонга келиб қўллаб-қувватлаган мухлисларга миннатдорчилик билдириб қоламан”.
Шу тариқа, “Андижон” сафарда муҳим дурангга эришди ва мусобақада ўз ҳисобларига дастлабки очколарни ёзиб қўйишди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!