Ла Лиганинг бешинчи туридан ўрин олган учрашувда Мадриднинг “Реал” клуби ўз майдонида “Эспаньол”га қарши баҳс олиб боради. Бу учрашув олдидан жамоа учун муҳим янгилик пайдо бўлди — сўнгги пайтларда жароҳатлари сабаб ўйинларда қатнашмаган Эдуардо Камавинга ва Жуд Беллингем сафга қайтиши мумкин.
Жамоа бош мураббийи Хаби Алонсо матбуот анжуманида уларнинг ҳолати ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, ҳар икки футболчи ҳам навбатдаги баҳсда майдонга тушиш имкониятига эга. Бироқ улар машғулот жараёнига эндигина қўшилгани учун мураббий ҳали барчаси номаълумлигини таъкидлади.
“Беллингем ва Камавинга учрашувда иштирок этиши мумкин. Бироқ улар тўлиқ формага кириб улгурмаган. Футболда кутилмаган ҳолатлар бўлади, шунинг учун барчасини вақт кўрсатади”, — деди Хаби Алонсо.
Беллингем янги мавсум бошланишидан бери клуб учун муҳим йўқотиш бўлиб келаётган эди. Унинг майдондаги ҳаракатлари ва етакчилик қобилияти “Реал”нинг ўйинига катта таъсир кўрсатади. Камавинга эса жароҳат туфайли бир неча ҳафта давомида сафдан четда қолганди. Унинг қайтиши жамоа ярим ҳимоясига янада куч қўшиши табиий.
“Реал” янги мавсумда Ла Лигада ҳали бирорта очко йўқотмаган ягона жамоа сифатида майдонга чиқмоқда. Мадридликлар дастлабки тўртта турда ҳам рақибларини мағлуб этиб, 12 очко тўплашга муваффақ бўлди. Шу натижалар уларни мусобақа жадвалида пешқадамга айлантирди.
Эндиликда мухлисларнинг эътибори “Эспаньол”га қарши баҳсга қаратилган. Агар Беллингем ва Камавинга ростдан ҳам майдонга тушса, бу “қироллик клуби” учун катта устунлик бўлиши мумкин. Чунки ҳар икки футболчи ҳужум ва ярим ҳимояда жамоага катта таъсир кўрсатиш қодир.
“Реал”нинг мухлислари энди нафақат ғалабани, балки севимли ўйинчиларининг майдонга қайтиб, жамоага янада куч бағишлашини ҳам кутишмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!