date

Гвардиола: Ҳоланд энди Месси ва Роналду қаторидан жой олди

Гвардиола: Ҳоланд энди Месси ва Роналду қаторидан жой олди

Чемпионлар Лигасининг илк турида “Манчестер Сити” ўз майдонида “Наполи”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу баҳс нафақат жамоанинг стартдаги муҳим ғалабаси, балки Эрлинг Ҳоланднинг тарихий рекорди билан ҳам ёдда қолди.

Норвегиялик ҳужумчи ушбу ўйинда жамоаси учун муҳим гол киритиб, Чемпионлар Лигасидаги шахсий голлари сонини 50 тага етказди. Бу кўрсаткич уни замонавий футболнинг энг кучли ҳужумчилари қаторига қўшишга асос бўлди.

“Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола учрашувдан кейин BBC журналистлари билан суҳбатда шогирдининг натижалари ҳақида тўхталиб ўтди. Испаниялик мутахассиснинг таъкидлашича, Ҳоланднинг рақамлари ўз-ўзидан ҳаммани лол қолдиради.

“Мен Эрлингни табриклайман. У энди Ван Нистелрой ва Левандовски, шунингдек, Месси ва Роналду каби буюк ҳужумчилар сафида турибди. Бу ақл бовар қилмас кўрсаткич”, – деди Гвардиола.

Гвардиоланинг сўзларига кўра, Ҳоланднинг фаолияти ҳали бошланғич босқичда ва унда олдинда яна кўплаб рекордларни янгилаш имконияти бор. Мутахассис унинг интизоми, меҳнатсеварлиги ва гол уриш қобилияти “Манчестер Сити” учун катта бойлик эканлигини таъкидлади.

Ҳоланд ўзи учун Чемпионлар Лигасидаги ҳар бир ўйин муҳимлигини бир неча бор таъкидлаб келган. Унинг қайд этган рекордлари эса унинг фақатгина ёш истеъдод эмас, балки ҳақиқий юлдуз сифатида тарихга кириб бораётганини кўрсатади.

Шу тариқа, “Сити”нинг янги мавсумдаги дастлабки ғалабаси нафақат жамоага очко, балки Ҳоландга янги босқичдаги катта мақомни ҳам тақдим этди. Энди кўзлар унинг кейинги ўйинларда қандай натижалар қайд этишида.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Гвардиола: Ҳоланд энди Месси ва Роналду қаторидан жой олди