Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе айни кунларда Англияда бўлиб турибди. Унинг айтишича, бу сафар хизмат сафари ёки малака ошириш дастури эмас, балки шахсий ташриф ҳисобланади.
Кападзе Championat.Asiaга берган интервьюсида маълум қилишича, у бугунги кунга қадар Англияда бўлмаган ва инглиз футболи муҳитини яқиндан кўришни истаган. «Манчестер Сити» билан амалиёт ўташ бўйича аввалдан келишув бўлган, шу боис виза олиб қўйилганди. Ўшанда йўлга чиқиш имкони бўлмагани учун бу гал виза муддати тугамай туриб Лондонга йўл олган.
— Англияга келганимнинг асосий сабаби – жонли ўйинларни кўриш ва футбол муҳитини ҳис қилиш. Бугун «Вест Хэм» – «Кристал Пэлас» учрашувига ташриф буюрдим. Эртага «Арсенал» – «Манчестер Сити» баҳсини томоша қилишни режалаштиряпман. Кейин эса «Сити»нинг Кубокдаги «Хаддерсфилд»га қарши ўйини ва АПЛда «Бёрнли»га қарши беллашувига бориш ниятим бор. Агар имкон топсам, клуб базаси билан танишиб, машғулот жараёнларини ҳам кузатмоқчиман, — деди Кападзе.
Шунингдек, у ҳозирда Англияда тўп сураётган терма жамоа футболчиси Абдуқодир Ҳусанов билан ҳам учрашишни, суҳбатлашишни мақсад қилган. «Футболчиларимизнинг Европадаги фаолиятини кузатиш ва уларнинг ҳолатидан хабардор бўлиш мен учун муҳим», — деди мураббий.
Кападзе учун бу сафар катта таассурот уйғотгани аниқ. У нафақат топ-клублар ўйинларини кузатмоқда, балки ўз иши учун керакли тажрибани ҳам олишга интилаяпти. Мураббийнинг сўзларига кўра, инглиз футболига яқиндан гувоҳ бўлиш – ҳар қандай мутахассис учун бой тажриба ҳисобланади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!